Инвестиция, модернизация ва экспорт
  • 11 Февраль 2016

Инвестиция, модернизация ва экспорт

Кейинги йилларда юртимизнинг кимё, энергетика, озиқ-овқат саноатидаги йирик корхоналарида техник ва технологик янгилаш жараёнлари изчил давом эттирилаяпти.

Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар Оролбўйида ҳам жадал тус олган. Масалан, айни пайтда Қўнғирот сода заводида
109,5 миллион АҚШ долларилик лойиҳа асосида йилига қўшимча 100 минг тонна кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш тадбирлари жадал олиб борилаётир. Бугунгача унинг асосий қисми тугалланиб, 100 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Эътиборлиси, лойиҳа тўлиқ ниҳоясига етказилгач, 276 та янги иш ўрни яратилади.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ушбу жабҳадаги ишларга янада суръат бағишлади. Негаки, мазкур ҳужжатга кўра, Беруний туманидаги “Астера текстиль”, Тўрткўлдаги “Тўрткўл Асака текстиль”, Нукус шаҳридаги “Нукус текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари каби замонавий корхоналар энг сўнгги русумдаги ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланиши баробарида, юзлаб кишиларнинг бандлиги таъминланди. Амударё туманидаги “Amudaryotex” масъулияти чекланган жамияти шулардан бири.
“Манғит ип йигирув ва тўқув фабрикаси” негизида 29,5 миллион АҚШ долларилик инвестиция эвазига барпо этилган мазкур корхонада йилига 6 минг тонна калава ип ҳамда тўқимачилик ашёлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Муҳими, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинаяпти.
— Корхона фойдаланишга топширилиши билан 420 нафар маҳаллий йигит-қизни ишга жалб этдик, — дейди мазкур жамият раҳбари Санжар Вафаев. — Айни пайтда улар томонидан ойига 420 тонна юқори сифатли калава ип тайёрланмоқда. Ўтган йили эса 15 миллиард сўмлик маҳсулотимизнинг 1 миллион АҚШ долларилигини хорижлик буюртмачиларга етказиб бердик.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 6 та йирик енгил саноат корхонасида 65,5 миллион долларлик модернизациялаш лойиҳалари амалга оширилди.
Мухтасар айтганда, саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилаётган катта эътибор юртимиз иқтисодиёти юксалишида, аҳоли турмуш фаровонлиги ошишида муҳим омил бўлаётир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn