Бетакрор табиат, бебаҳо мерос, қулай инфратузилма туризм индустрияси ривожида катта аҳамиятга эга
  • 11 Февраль 2016

Бетакрор табиат, бебаҳо мерос, қулай инфратузилма туризм индустрияси ривожида катта аҳамиятга эга

Сайёҳлик жаҳон иқтисодиётининг тез суръатларда ривожланаётган, айни пайтда энг сердаромад тармоқларидан бирига айланган. Соҳа хизматлари экспорти дунёда нефть ва автомобиль саноатларидан кейин учинчи ўринни эгаллаб, аксарият мамлакатларда валюта тушумининг муҳим манбаи ҳисобланиши бунинг яққол далилидир.

Дарҳақиқат, Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ялпи маҳсулотнинг 10, хизматлар экспортининг 30, иш билан банд бўлганларнинг 9, инвестицияларнинг 11, солиқ тушумининг 5, хизматлар савдосининг эса 33 фоизи айнан туризм ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон 1993 йилда мазкур нуфузли ташкилотнинг аъзоси бўлди. Бинобарин, юртимиз қулай географик жойлашув, улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Евроосиё давлатларини бирлаштирадиган Буюк Ипак йўли туристик йўналишлари унинг ҳудудида туташади. Мустақиллик йилларида мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш мақсадида кўп тармоқли саёҳат, кўнгилли ҳордиқ чиқариш индустриясига асос солиниб, юқори даражадаги хизматлар кўрсатила бошланди. Пировардида соҳа йилдан-йилга ривожланиб, иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида тараққий этиб бораяпти. 
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи мазкур ташкилот Ижроия кенгашининг Самарқандда ўтказилган 99-сессияси очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистонда мавжуд туризм инфратузилмаси саноат жозибадорлигини оширишини таъкидлаб, жумладан, шундай деган эди: “Биз Ўзбекистонда амалга оширилган буюк ўзгаришлар гувоҳи бўлдик. Туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган Президент Ислом Каримовнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли Ўзбекистон туризмни ривожлантиришнинг асосий марказларидан бири бўлишига ишонамиз”.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, аввало, соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, 1999 йилда “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани муваффақиятларнинг бош омили бўлди. Негаки, ушбу Қонун ижроси доирасида инвестициялар жалб этилиб, инфратузилмани такомиллаштириш, янги йўналишларни ишлаб чиқиш бўйича салмоқли юмушлар амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга мувофиқ, соҳада чуқур таркибий ўзгаришлар, диверсификация жараёнлари янада жадаллашди. Янгиланишлар нафақат туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, балки миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол олиб кириш имконини бергани таҳсинга лойиқ.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёда етакчи ўн мамлакат сафидан жой олган. Бугунги кунга қадар юртимизда 7570 та маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олингани, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани, “абадий шаҳар” деган ном билан шуҳрат қозонган Самарқанд инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бориб кўриши, албатта, зарур бўлган дунёдаги 50 та шаҳарнинг бири сифатида эътироф этилгани бунинг яққол мисолидир. 
Шу билан бирга, тинч ва обод Ватанимизнинг сўлим водий ҳамда воҳалари, бепоён кенгликларни эгаллаган чўллари, мафтункор тоғлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлари — буларнинг барчаси хорижлик сайёҳларни ўзига ром этмоқда. Шу боис 2004 йилда Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг минтақавий офиси очилиб, юртимизнинг қадимий кентларида йирик халқаро анжуманлар, туристик кўргазмалар ўтказилиши анъанага айланди.
Туризмнинг тараққиёти мазкур соҳа билан узвий боғлиқ озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва инфратузилма тармоқлари истиқболига ҳам кенг йўл очди. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилишига, валюта тушуми кўпайишига, пировардида иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Шу боис ушбу соҳага йўналтирилаётган инвестициялар, табиийки, замонавий сайёҳлик мажмуаларини қуриш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадларига сарфланаяпти.
Глобал нуқтаи назардан мамлакатимиз дунё текисликларида экологик оптимум ҳисобланган 40-параллел (40О шимолий кенглик) яқинида жойлашган (мазкур параллел Самарқанд шаҳридан ўтади). Юртимизнинг 21 фоиз ҳудудини эгаллаган тоғли қисмида ҳам шунга мос муҳит мавжуд бўлиб, бу ерда паст тоғ, ўрта тоғ, баланд тоғ зоналари бирин-кетин алмашинади. Бундай қулай табиий шароит барча фаслда туристик хизмат кўрсатишни узлуксиз амалга оширишни таъминлайди.
Шу каби омиллар ҳисобга олинган ҳолда, халқаро сайёҳликнинг инновацион йўналиши — экологик туризм ривожига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Чунки табиатимиз сайёҳларни ўзига жалб қиладиган ғорлар, ажойиб шаклли қоялар, улкан даралар, ер қатламлари очилиб қолган ҳудудлар, мафтункор шаршара ва шифобахш булоқлар, қисқача айтганда, гўзал ландшафтларга жуда бой. Буларнинг барчаси экологик туризмнинг асосий мақсади — табиат ҳамда инсониятнинг бевосита мулоқотини ривожлантириш учун айни муддаодир. Бундай ҳордиқ йўналиши дам олувчиларга табиат неъматларидан чексиз баҳра олиш, экологик билимларини бойитиш имконини берса, унинг ташкилотчиларига  муайян даромад келтиради.
Экотуризм табиий-иқтисодий барқарорликни сақлаган ҳолда, фаол дам олишга асосланади. Чунончи, уни жорий этиш учун юқори даражада қимматбаҳо хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналарга ҳожат йўқ. Уларнинг ўрнига оддий чодир, уй-меҳмонхона ва кемпинглар, табиат қўйнига сайру саёҳатлар таклиф қилинса, етарли.
Туризмни ривожлантиришда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ)дан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ, самарали фойдаланиш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, республикамиз ҳудудининг 5 фоизидан кўпроғини эгаллаган саккизта қўриқхона, иккита миллий боғ, учта табиий питомник, ўнта буюртмахона, бешта табиат ёдгорлиги, битта биосфера резервати фаолият кўрсатаяпти. Истиқболда умумий майдони 81,1 минг квадрат километр бўлган 29 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд объектларини янгидан ташкил қилиш режалаштирилаётгани эътиборга молик.
Истиқлол йилларида сайёҳлик инфратузилмасининг энг муҳим қисми ҳисобланган транспорт-коммуникация тизими тубдан такомиллаштирилаяпти. Пировардида дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатига замонавий “Эйрбас” ва “Боинг” самолётларида мунтазам рейслар амалга оширилмоқда, юртимиз бўйлаб тезкор темир йўл хизмати ҳам йўлга қўйилган. Айни пайтда “Афросиёб” электр поезди “Тошкент — Самарқанд — Тошкент”, “Тошкент — Қарши — Тошкент” йўналишларида ҳаракатланаётир. Яқин орада Бухоро шаҳрига ҳам тезюрар поездлар қатнай бошлайди. Шунингдек, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича катта хажмдаги ишлар бажарилиб, уларга уйғун равишда туристик инфратузилма объектлари (кемпинглар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари) барпо этилаяпти. Республикамизда туризм равнақига йўналтирилган лойиҳалар барча ҳудудни қамраб олгани билан аҳамиятли. Табиийки, кейинги йилларда кўплаб манзилли дастурлар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани айни муддао бўлаётир. Натижада қишки туристик зоналар барпо этилиб, декабрь ойидан то апрелга қадар сайёҳларга хизмат кўрсатилмоқда.
Пойтахтимиздан 80 км. шимоли-шарқда, Чотқол тоғлари қўйнидаги “Чимён оромгоҳи”, “Белдирсой оромгоҳи”, “Чорвоқ оромгоҳи” саломатлик марказлари ва тоғ чанғи спорт марказларида қишки спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароит яратилган. Мисол учун, денгиз сатҳидан 1500-4100 метр баландликда узунлиги 300, 500, 800, 1500 ва 3000 метрга етадиган турли типдаги тоғ трассалари бунёд этилган. Дам олувчилар юқорига осма (канат) йўл, бутель кўтаргич, янада баландроққа вертолётлар ёрдамида чиқишлари мумкин. Бу ерда, шунингдек, 700 ўринли меҳмонхона ва коттежлар, 100 кишига мўлжалланган ресторан, тамаддихоналар, спорт заллари ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари борлиги яна бир қулайликдир.
Албатта, бундай масканлар йил сайин кўпайиб бораверади. 2015 — 2016 йилларда минтақаларда туризм соҳасини ривожлантиришга доир дастурга мувофиқ, 254 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Шу мақсадда 186,4 миллиард сўм миқдорида инвестициялар жалб қилиниб, 3659 ўринли 103 та меҳмонхона, мотель, уй-меҳмонхона, ўтов лагерларини ишга тушириш, қолаверса, 45 та туризм инфратузилма объектини модернизациялаш, 36 та янги иншоотни фойдаланишга топшириш, 46 та дам олиш зонаси, туристик комплекслар, ҳунармандчилик марказлари, музейлар, доимий ишлайдиган экспозицияларни барпо этиш мўлжалланмоқда.
Сайёҳлик соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Юртимиздаги 5 та олий ўқув юрти ва 11 коллежда замон талабларига мос мутахассислар етказиб берилаяпти.
Мухтасар айтганда, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Бу эса барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш бўйича белгилаб олинган устувор вазифалар ижросига хизмат қилаётир.
“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган туристик корхоналар сони 1180 дан ошган. Шундан 559 таси туроператор, 622 таси меҳмонхона хўжалиги бўлиб, улар 110 та халқаро сайёҳлик йўналиши бўйича фаолият юритмоқда. Бу, ўз навбатида, сайёҳлар оқими кўпайишини таъминлаётир. Агар 2014 йилда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан 2 миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюриб, соҳада хизматлар экспорти ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ортган бўлса, ўтган йилда туристик хизматлар ҳажми 15,9, уларнинг экспорти эса 12,9 фоиз ўсди. Яна бир муҳим жиҳати, сайёҳликни ривожлантириш бўйича минтақавий дастурлар доирасида 814 та янги иш ўрни барпо этилиб, соҳада меҳнат қилаётганлар сони 200 минг нафарга етди.

Обиджон ҲАМИДОВ,
иқтисод фанлари номзоди, доцент.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn