«Ўзбекистон дунёда энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан биридир»
  • 11 Февраль 2016

«Ўзбекистон дунёда энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан биридир»

Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонасида мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Бельгиянинг расмий, ишбилармон, илмий ҳамда жамоатчилик доиралари, Брюсселда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари, Европа ҳамжамияти комиссиялари, Европа парламенти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси билан яқиндан танишдилар.
Юртимизда иқтисодиётнинг турли жабҳаларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланишида молия-банк тизимини мустаҳкамлаш, саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада юксалтириш, ишлаб чиқаришга юқори технологияларни жалб қилиш юзасидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар муҳим омил бўлгани қайд этилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқароларнинг реал даромадларини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш, спортни янада ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ҳам хорижлик мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Анжуманда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётганига қарамасдан, тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида ҳаётга босқичма-босқич татбиқ қилинаётган ислоҳотлар туфайли мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари ва унинг макроиқтисодий мутаносиблиги таъминлангани алоҳида эътироф этилди. Мутахассислар шу каби ютуқлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Хусусан, Европарламент маслаҳатчиси Франк Швальба-Хот Ўзбекистонга бир неча маротаба ташриф буюргани, ҳар сафар ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлганини таъкидлади.
— Олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги, босқичма-босқичлиги ва чуқур ўйланганлиги мамлакат иқтисодиётининг янада равнақ топиши гаровидир, — деди у. — Буюк олимлар ва мутафаккирлар, турли соҳалардаги илғор тадқиқотчилар етишиб чиққан, инсоният цивилизациясининг ўчоғи саналган бу ўлка бугунги кунда ҳам улкан интеллектуал салоҳиятга эга. Кўпчилигини ёшлар ташкил қиладиган аҳоли халқаро андозаларга мос бўлган таълимдан баҳраманддир. Ўзбек халқига хос меҳнаткашлик, аниқ мақсад сари интилиш, бағрикенглик фазилатлари бошқа соҳаларда ҳам юқори марралар забт этилишида муҳим омил бўлмоқда. 
Шу боис “ўзбек модели” иқтисодиётни модернизациялаш, саноатни диверсификациялаш, юқори технологияларга асосланган тармоқларни ривожлантириш йўлини тутиш нуқтаи назаридан кўпгина давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ишонч билан айтишим жоизки, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баравар оширишга эришилади. Мазкур жараёнда ўзбекистонликларнинг миллий ўзига хослиги, яъни ўз Ватанига бўлган чексиз муҳаббати ва садоқати катта ўрин тутади. 
Осиё тадқиқотлари Европа институтининг илмий ходими Себастьяно Мори Президент Ислом Каримовнинг ушбу маърузасида кейинги йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда рўй берган ўзгаришлар чуқур таҳлил қилинганини билдирди.
— Мустақиллик йилларида республикада тизимли ислоҳотлар амалга оширилди, —  деди европалик олим. — Улар давлатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини берди. Иқтисодиётни модернизациялаш ялпи ички маҳсулотнинг изчил ва барқарор ўсишида катта туртки бўлди. Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, йирик энергетика ҳамда инфратузилма лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида эришилган муваффақиятлар ҳам диққатга сазовордир.
Шуниси қувонарлики, Ўзбекистондаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни “децил коэффициенти” деб ном олган кўрсаткич барқарор пасайиш тенденциясига эгадир. Шу маънода, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингида Ўзбекистон дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани таҳсинга лойиқ.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn