Транспорт тармоғи ривожланаяпти
  • 02 Февраль 2016

Транспорт тармоғи ривожланаяпти

Иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, аҳоли бандлиги ҳамда ҳаёт сифатини оширишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси муҳим омил ҳисобланади. Шу боис юртимизда уни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Бунинг самараси автомобиль транспорти тизимида ҳам кузатилиб, аҳолига қулай ва замонавий хизмат турлари кўрсатиб келинаяпти. Сўнгги ўн беш йил мобайнида республикамизда фаолият юритаётган йўловчи ташувчилар сони 4346 тага етгани, уларнинг 997 таси шаҳар, 2792 таси шаҳар атрофи ҳамда 617 таси шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатаётгани шундан далолат беради.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ва соҳада жорий этилаётган янгиликлар хусусида сўз борди.
Таъкидланганидек, бундай ижобий натижаларга эришишда автомобиль транспорти бозорида рақобат муҳити яхшиланиб, барча ташувчига тенг шарт-шароитлар яратиб берилаётгани, мазкур жараёнга лизинг компаниялари ва банк кредитлари фаол жалб қилинаётгани муҳим аҳамият касб этаяпти.
Шунингдек, меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган бўлса, тўртта меъёрий ҳужжат Адлия вазирлигида, учта ҳужжат эса “Ўзстандарт” агентлигида рўйхатдан ўтказилди. Бундан ташқари, дарё транспортини ҳисобга олиш, классификациялаш, техник ҳолатини назорат қилиш ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказиш мақсадида 21 корхона билан шартнома тузилгани кема қатновлари мавжуд бўлган сув йўлларини назорат қилиш, понтон ва платформаларни назорат қилиш имконини берди.
Бугунги кунда юртимизда юкларнинг 91,7 фоизи, йўловчиларнинг эса салкам 98 фоизи автотранспорт воситалари орқали ташилмоқда. Хизмат кўрсатувчи корхоналар парклари изчил янгиланаётгани эса уларни ўз вақтида манзилига етказишда қўл келаётир.
Анжуманда агентлик мутасаддилари лицензиялаш, аттестациядан ўтказиш, тендерни ташкил этиш ва электрон ҳужжат алмашиш тизими ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб беришди.

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn