Омонатлар бўйича энг яхши банклар аниқланди
  • 02 Февраль 2016

Омонатлар бўйича энг яхши банклар аниқланди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан тижорат банклари ўртасида 2015 йил якунларига кўра, аҳоли бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилиш бўйича ташкил этилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Марказий банк, Ўзбекистон Банклари ассоциацияси, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш жамғармаси ва тижорат банклари раҳбарлари иштирок этди.
Президентимизнинг “Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан, анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу тадбирнинг бу галгисида 26 та тижорат банки, уларнинг 854 та филиали, 4295 та минибанки ҳамда махсус кассалари қатнашди.
Қайд этилдики, мазкур танлов аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилиш баробарида, молия муассасаларини рағбатлантириш, уларнинг инвестициявий имкониятларини кенгайтириш учун ресурс базасини мустаҳкамлаш, банклар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, энг асосийси, илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда ҳисобварақларга қўйиладиган маблағлар барча турдаги солиқлардан озод этилган, уларнинг манбалари декларация қилинмайди, омонатчилар ўз маблағларини чекловларсиз тасарруф этиш имкониятига эгалар, шунингдек, омонатлар миқдоридан қатъи назар, улар тўла ҳажмда қопланиши кафолатланган. Бу, ўз навбатида, молия муассасалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, хизматлар сифати яхшиланиши, аҳолининг уларга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланишига хизмат қилаётир. Айни пайтда тижорат банклари миллий ҳамда чет эл валютасида чекланмаган миқдор ва муддатларда 250 дан ортиқ омонат турини аҳолига таклиф этаётгани, охирги беш йилда депозитга қўйилган маблағлар миқдори 3,6 маротаба, 2015 йилда эса 28 фоиз ошгани шундан далолат беради.
Танлов натижаларига биноан, ғолиблар саккизта асосий ва ўн битта қўшимча номинация бўйича аниқланди. Шундай қилиб, “Аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши банки”  номинациясида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки биринчи ўринга лойиқ топилган бўлса,  “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки иккинчи, “Асака”  акциядорлик тижорат банки учинчи ўринни эгаллади.
“Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши филиали”  йўналишида эса  “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Амалиёт бошқармаси, “Асака” банкининг Сурхондарё вилояти филиали, “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкининг Фарғона филиали эътироф этилди.
“Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши филиали”  сифатида эса акциядорлик тижорат  “Алоқабанк”нинг Навоий филиали, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкининг Когон филиали,  “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг Оқтош филиали, “Пластик карточкалар асосида иш ҳақи лойиҳаларини амалиётга жорий этиш бўйича энг яхши банк филиали” номинациясида “Микрокредитбанк”нинг Косонсой филиали, “Трастбанк”нинг Амалиёт бўлими, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Қашқадарё вилояти минтақавий филиали мос равишда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга лойиқ кўрилди.
Шунингдек, “Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши минибанки”  номинациясида “Қишлоқ қурилиш банк”нинг “Фарғона”, “Капиталбанк”нинг Аҳмад Дониш, “Ҳамкорбанк”нинг  “Истиқбол” минибанки ғолиб бўлган бўлса,  “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши минибанки” йўналишида “Микрокредитбанк”нинг “Муротали”, Халқ банкининг “Халқобод”, “Қишлоқ қурилиш банк”нинг “Тўрткўл” минибанки совриндорлар қаторидан жой олди.
“Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши жамғарма/махсус кассаси” ҳамда  “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши жамғарма/махсус кассаси” йўналишларида ҳам энг муносиблар аниқланди. Яъни “Ипотека-банк”нинг Қашқадарё филиалига қарашли саккизинчи, “Универсалбанк”нинг Тошкент шаҳар филиалига қарашли биринчи, “Туркистон банк”нинг Юнусобод филиалига қарашли биринчи, “Инвест финанс банк”нинг Зангиота филиалига қарашли биринчи, “Ипотека-банк”нинг Шаҳрисабз филиалига қарашли биринчи, Халқ банкининг Олтинсой филиалига қарашли биринчи сонли жамғарма кассалар ана шундай номга сазовор бўлди.
Тадбирда, шунингдек, “Миллий валютадаги энг яхши муддатли депозит”, “Хорижий валютадаги энг яхши муддатли депозит”,  “Омонатларни жалб этиш бўйича банк фахрийси”, “Хорижий валютадаги энг яхши жамғарма депозити”, “Энг яхши пластик карточкалар эмитенти бўлган банк”, “Аҳоли учун энг яхши инновацион маҳсулот” сингари қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар эълон қилинди.
Танлов ғолибларига махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn