Берлинда Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти бўйича шартномалар имзоланди
  • 02 Февраль 2016

Берлинда Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти бўйича шартномалар имзоланди

Ўзбекистон Германия пойтахтида бўлиб ўтган “Яшил ҳафта — 2016” озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги халқаро кўргазмасида ўзининг агросаноат салоҳиятини муносиб равишда намойиш этди.

Республикамизга ажратилган 180 квадрат метрлик бўлмада сархил мева-сабзавотлар, зираворлар, полиз, ёғ-мой, тўқимачилик саноати маҳсулотлари ва бошқа турли ноз-неъматлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.
“Яшил ҳафта — 2016” кўргазмаси кунлари Ўзбекистон бўлмасига минглаб меҳмонлар — бизнес вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ташриф буюрди. 
Айтиш жоизки, мамлакатимиз делегациясининг мазкур кўргазмадаги иштироки самарали бўлди.  Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти бўйича қиймати 91,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган шартномаларнинг имзолангани буни тасдиқлайди. Хусусан, ноз-неъматларни Германия, Бельгия, Финляндия, Чехия, Хорватия, Польша, Латвия, Литва каби мамлакатларга етказиб бериш юзасидан келишувларга эришилди. 
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири айрим меҳмонлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг таассуротлари билан қизиқди.
Бавариялик тадбиркор Матиас Клейнгенц Ўзбекистон, унинг улкан салоҳияти билан яқиндан танишганидан мамнунлигини билдирар экан, юксак дид билан безатилган, республика агросаноат жабҳасидаги имкониятларни ўзида яққол ифода этган мамлакатимиз бўлмаси кўргазма давомида кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб қилганини айтди.
— Тадбирда мамлакатингизнинг замонавий тараққиёти, унинг эътиборга молик иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти муносиб равишда тақдим этилди, — деди у. — Бўлмага келганлар серқуёш ўзбек заминида етиштирилган ноз-неъматлардан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлиб, уларнинг ажойиб таъми ва сифатига юқори баҳо беришди. Умид қиламанки, ҳадемай Ўзбекистонда етиштирилган ширин-шакар полиз маҳсулотлари ва бошқа мевалар Германия ва албатта, Бавария супермаркетларида ҳам пайдо бўлади. Ўзбекистоннинг бундай халқаро тадбирларда иштирок этиши республикангиз маҳсулотларини жаҳон бозорига фаол кириб боришига кўмаклашади.
Ўз навбатида, германиялик бизнесмен Фолькер Шредер ҳам мамлакатимизнинг гастрономия нуқтаи назаридан жозибадорлигини эътироф этар экан, қуйидаги фикрларни билдирди:
— Узумчилик ва шароб ишлаб чиқариш соҳасининг мутахассиси сифатида ҳар йили “Яшил ҳафта” кўргазмаси давомида бошқа мамлакатларнинг тажрибаси ва эришган муваффақиятлари билан қизиқаман. Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон шароб ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, уларни экспорт қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича салмоқли ишларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Тармоқ корхоналарининг Берлиндаги ушбу нуфузли кўргазмада фаол иштирок этаётгани ҳам фикримни тасдиқлайди. Юртингизда ишлаб чиқарилган шаробларнинг намуналаридан татиб кўриб, улар сифати ва таъми жиҳатидан Европа маҳсулотларидан сира қолишмаслигига амин бўлдим.
Эслатиб ўтамиз, ҳар йили Берлинда бўлиб ўтадиган “Яшил ҳафта” Озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги халқаро кўргазмаси жаҳонда ушбу йўналишдаги энг йирик анжуман ҳисобланади. Ташкилотчиларнинг маълумотларида қайд этилишича, жорий йил мазкур кўргазмада дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингдан зиёд иштирокчилар ўз маҳсулотлари билан қатнашди. Тадбир қарийб 5 минг нафар журналист томонидан ёритилди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn