«Ўзбекистон — Буюк Ипак йўлининг юраги»
  • 19 Декабрь 2015

«Ўзбекистон — Буюк Ипак йўлининг юраги»

Индонезиянинг Жакарта шаҳрида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ва мамлакатимизнинг Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон — Буюк Ипак йўлининг юраги” шиори остида “Road Show” сайёҳлик тадбири ташкил этилди.

Мазкур кенг қамровли анжуманда Индонезиянинг нуфузли сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда етакчи босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Ўзбекистоннинг бой тарихий ҳамда маданий мероси, ноёб меъморий ёдгорликлари ва диққатга сазовор масканлари, шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамда гуманитар соҳаларда эришган муваффақиятлари ҳақидаги батафсил маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
“Road Show” сайёҳлик тадбири доирасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва юртимизнинг миллий сайёҳлик компаниялари вакиллари томонидан республикамизнинг тарихий шаҳарлари ҳамда замонавий сайёҳлик инфратузилмаси тақдимоти ўтказилди. Унда ўлкамизда ёз ва қиш фаслларида дам олиш индустриясини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг жуғрофий жиҳатдан қулай ҳудудда — Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани ҳамда мамлакатда жаҳон андозаларига мос даражада хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар билан бирга, ривожланган транспорт ва коммуникация тармоғи мавжудлигини алоҳида эътироф этдилар.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Boeing-757”, “Boeing-767”, “Airbus-320” ҳамда бошқа замонавий, қулай самолётлар орқали Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Америка минтақаларида жойлашган 40 дан ортиқ шаҳарларга мунтазам қатновларни амалга ошираётгани, сўнгги йилларда республикамиз аэропортлари замон талаблари даражасида тўла таъмирлангани ҳамда модернизация қилингани, уларнинг аксарияти халқаро аэропорт мақомига эга эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда “PT. Pacific Interindah” компанияси президенти Ненси Нурдин индонезиялик сайёҳларда Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш тобора кучайиб бораётганини таъкидлади.
— Ўзбекистон саёҳат ишқибозларини ўзига тортиб турган, жаҳон сайёҳлик бозорида жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади, — деди у. — Гўзал табиати ва бой тарихи мамлакат туризм индустриясининг барча жабҳасини ривожлантиришга имкон беради. Замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ҳамда ривожланган транспорт коммуникацияларининг мавжудлиги катта эътиборга моликдир.
Индонезиядаги “Golden Rama” сайёҳлик компаниясининг хорижий саёҳат бўйича менежери Мими Лега эса яқинда юртимиз бўйлаб сафар қилгани ҳақида тўхталди. У мазкур сафардан орттирган таассуротларини ўртоқлашар экан, мамлакатимизда меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатилишини кафолатлайдиган замонавий инфратузилма яратилганини алоҳида қайд этди.
— Ўзбекистон ноёб меъморий обидаларга, бебаҳо тарихий ва маданий меросга эга бўлган бетакрор мамлакатдир, — деди у. — Бу кўҳна замин том маънода Шарқ дурдонаси ҳамда Буюк Ипак йўлининг юраги саналади. Ўзбек халқининг бой анъаналарини ўзида мужассамлаштирган, гўзал шарқона ва замонавий меъморчилик уйғунлашувидан иборат республиканинг бугунги қиёфаси бизни, айниқса, ҳайратда қолдирди.
Эдвард Тдже, “Wita Тоur” компанияси менежери:
— Сайёҳлик салоҳияти билан танишиш мақсадида яқинда Марказий Осиё мамлакатларида бўлдим. Шу ўринда Ўзбекистоннинг беҳад гўзал эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Ўзбеклар заминида қадимий шаҳарларнинг ажойиб меъморий ёдгорликларини асраб-авайлаш ҳамда меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга шахсан гувоҳ бўлдим. Компаниямиз мижозлари биздан юқори сифатли сайёҳлик хизматларини кутишади. Ўзбекистонда ана шундай қулай шарт-шароитлар мавжудлиги боис юртингизни муҳим ва ишончли сайёҳлик йўналиши сифатида намойиш қилаяпмиз.

«Жаҳон» АА.
Жакарта

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn