Имконият ва изланишлар натижаси
  • 26 Ноябрь 2015

Имконият ва изланишлар натижаси

Пойтахтимизда ўтказилаётган “Цемент саноати ва бозори” XIII Халқаро конференциясида қурилиш материаллари соҳасидаги янгиланишлар кенг намойиш этилмоқда

Мазкур анжуманда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ташқари, Германия, Австрия, Испания, Хитой ва бошқа давлатлардан вакиллар қатнашмоқда.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, хусусан, цемент ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис бугунги кунга келиб, барча бунёдкорлик жараёнида ўзимизда тайёрланган маҳсулотлардан кенг фойдаланилаяпти. Маҳаллий корхоналар томонидан таклиф қилинаётган қурилиш материаллари эса сифат жиҳатидан ҳам, нарх борасида ҳам барча талабга жавоб бераётгани, айниқса, диққатга сазовор. 2000 — 2014 йиллар мобайнида республикамизда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 4 миллион 200 минг тоннадан қарийб 7,5 миллион тоннага етказилгани, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тўққиз ой якунларига бағишланган мажлисида қайд этилганидек, мазкур даврда республикамизда қурилиш ишлари ҳажми 18,7 фоиз ўсганининг сабаби ана шунда.
Айтиш жоизки, бу борада “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарнинг ҳиссаси салмоқли бўлаётир. Жумладан, ҳозирги кунда компания тасарруфидаги 110 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектларда цемент, оҳак, гипс, томёпқич, безакли ва декоратив материаллар сингари 100 турдаги қурилишбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Юртимизда “Қизилқумцемент”, “Оҳангаронцемент”, “Бекободцемент” ҳамда “Қувасойцемент” каби йирик корхоналар мавжудки, улар цемент маҳсулотларига бўлган талабни тўлиқ қондираяпти. Масалан, “Қизилқумцемент”да республикамиз учун зарур ана шундай маҳсулотнинг деярли ярми тайёрланади. Улкан хом ашё базаси, юқори малакали мутахассислар, ишлаб чиқаришдаги комплекс имкониятлар унинг салоҳиятини янада мустаҳкамлаяпти. Эътиборлиси, бу ерда нафақат цемент, балки турли плиталар, деворбоп блоклар ва асбец маҳсулотлари ҳам тайёрланаётир.
Бунёдкорликда, ҳеч шубҳасиз, цемент энг муҳим маҳсулот саналади. Шу боис уни ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш мақсадида мавжуд қувватлардан фойдаланиш имконияти оширилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 июлдаги “Жиззах вилоятида портландцемент ва оқ цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Зафаробод туманида яна бир йирик корхона фаолияти йўлга қўйилгани бунга мисол бўла олади.
Иморатнинг нечоғли мустаҳкамлиги эса, биласиз, кўп жиҳатдан унинг қандай қурилиш ашёларидан барпо этилганлигига боғлиқ. Шу маънода, юртимизда қурилиш маҳсулотлари сифатига устувор аҳамият берилаяпти.
Тадбир доирасида иштирокчилар мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш баробарида, тармоқдаги бир қатор корхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Анжуман бугун ўз ниҳоясига етади.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn