Файзу барака манбаи
  • 25 Ноябрь 2015

Файзу барака манбаи

Бугун юртимиз бозорларида мўл-кўлчилик: расталарга дид билан териб қўйилган турли-туман ноз-неъматларни кўриб, кўз қувнайди. Бундай манзарага биз йилнинг барча фаслида гувоҳ бўлишга одатланганмиз. Чунки азалдан деҳқонларимиз миришкор, заминимиз эса саховатли.

Шу билан бирга, буларнинг барчаси кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, уни таркибий янгилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ўзимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз, узум ҳамда картошка маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда аниқ манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилгани, айниқса, қўл келаётир. Масалан, ушбу дастур доирасида жорий йилнинг эрта баҳорида ўтган йилдагига нисбатан 103 фоиз кўп майдонга сабзавот, 107 фоиздан ортиқ ерга картошка, 112 фоиздан зиёд пайкалга полиз экинлари экилди.
Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонларда кунгабоқар, маккажўхори, соя, шоли, сабзавот ва полиз экинлари такрорий экин сифатида парваришланди. Пировардида мўл ҳосил етиштиришга эришилди.
Аҳолини йил давомида сархил мева-сабзавот билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, шунингдек, 84 минг тонна сиғимли музлаткич-омборхона ва 420 гектардан ортиқ майдонда енгил конструкцияли иссиқхона ташкил этилгани айни муддао бўлаяпти.
Таъкидлаш жоизки, юртимизнинг барча ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ва унинг захирасини яратиш ишларига жиддий эътибор қаратилаётир. Жумладан, Қашқадарё вилоятида ўтган тўққиз ой мобайнида 391 минг тонна сабзавот, 134 минг тонна картошка, 106 минг тонна полиз маҳсулотлари, 106 минг тонна мева, 71 минг тонна узум етиштирилди. Натижада бу ерда соҳанинг улуши ўтган йилнинг шу давридагига таққослаганда, 1,5 баробар ўсди.
Мутахассислар фикрича, вилоят аҳолисининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган йиллик эҳтиёжи 758 минг тоннани ташкил этади. Қиш — баҳор мавсуми учун талаб эса 261 минг тоннадан иборат. Шунча миқдордаги маҳсулотни ғамлаш ва аҳолига арзон нархларда етказиб бериш учун ҳудудий савдо базалари, бозорлар, таъминот ҳамда йирик саноат корхоналарида тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
— Жорий йилда 61360 тонна мева, узум, сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари жамғаришни режалаштирганмиз, — дейди вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармасининг агросаноат комплекси бўлими бошлиғи Наврўз Ҳакимов. — Ноябрь ойига қадар эса жами 52141 тонна маҳсулот тайёрланиб, бу борадаги режа 85 фоиз уддаланди. Маҳсулотларнинг 2052 тоннаси ижтимоий соҳа корхоналари, 5675 тоннаси “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси корхоналари, 8777,6 тоннаси Бозорлар уюшмаси, 7862 тоннаси йирик корхоналар ва ташкилотлар, 6336 тоннаси ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва агрофирмалар, 21438 тоннаси бошқа корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Бу юмушларни амалга ошириш учун эса 106 млрд. сўм, шу жумладан, банкларнинг 18,7 млрд. сўмлик кредитлари йўналтирилди.
Айтиш керакки, Оролбўйида ҳам қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Махсус дастурга мувофиқ, эрта баҳорда 187 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилгани, 433 гектарлик эски боғлар қайта тиклангани бунинг тасдиғидир.
— Соҳадаги ишларни жадаллаштиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 декабрдаги “2015 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз ва узум ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланишнинг прогноз кўрсаткичлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бўлимининг бош мутахассиси Азамат Камолов. — Натижада деҳқону боғбонларимиз бу йил 154 минг 433 тонна сабзавот, 32 минг 623 тонна картошка, 75 минг 715 тонна полиз маҳсулотлари етиштиришди. Барча тоифадаги хўжаликларда йиғиштириб олинган 26 минг 298 тонна мева ва 3 минг 592 тонна узум эса маҳаллий бозорларга босқичма-босқич чиқарилаётир.
Қолаверса, бугунги кунгача 6 минг 804 тонна картошка, 5 минг 49 тонна пиёз, 3 минг 461 тонна сабзи, 1 минг 741 тонна карам, 3 минг 943 тонна мева, 2 минг 95 тонна гуруч ва 898 тонна дуккакли дон, 2 минг 369 тонна полиз маҳсулотлари захираси яратилдики, бу, шубҳасиз, халқимизнинг қиш дастурхони янада файзли бўлишига хизмат қилади.
Дастурхонимиздан йил бўйи сархил мева-сабзавот маҳсулотлари аримаслиги, авваламбор, деҳқонлар, фермерлар ва соҳа мутахассисларининг фидокорона меҳнати, бой тажрибаси ҳамда ўз ишига садоқатининг амалий натижаси, десак, муболаға бўлмайди. Бунда, табиийки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш бўйича ўта муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, қишлоқда бозор муносабатлари жорий этилиб, хусусий мулкчилик шаклини ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун барча шарт-шароит яратиб берилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn