Замонавий технологиялар ва юқори маҳсулдорлик
  • 25 Ноябрь 2015

Замонавий технологиялар ва юқори маҳсулдорлик

Кеча пойтахтимизда “ЕвроОсиё — 2015” иккинчи Тошкент халқаро паррандачилик форуми иш бошлади. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан “Паррандасаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маълумки, мамлакатимизда паррандачиликка қаратилаётган эътибор, тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли у қисқа даврда қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. Кейинги йилларда парҳез маҳсулотлар етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажми тобора ошиб бораётгани, ички бозор тухум, гўшт ҳамда бошқа импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилаётгани ана шундай дейишга тўла асос бўла олади.
Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, паррандачилик хўжаликларининг моддий-техника базасини тубдан яхшилаш, тармоққа хорижнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш, бошқача айтганда, мутлақо янги инфратузилма яратиш имконини берди.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар халқаро форум қўлга киритилаётган ана шу ютуқларни намойиш этиш баробарида, чет эл давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жалб қилиш, энг асосийси, паррандачилик хўжаликлари учун илғор минитехнологияларни жорий этиш бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишга қулай шарт-шароит яратиб беришини алоҳида таъкидладилар.
Соҳа мутахассислари паррандачиликка “Чорвачиликнинг локомотиви” дея таъриф беришади. Сабаби, ҳеч қайси тармоқда паррандачилик саноатидагидек тез маҳсулот етиштириш ва фойда олишнинг иложи йўқ. Мисол учун, гўшт йўналишида парваришланаётган товуқ 40 кун ичида 2 килограмм тош босса, бир бош товуқдан йилига 305-315 донагача тухум олинади. Ҳар бирида 50 мингтадан то 1 миллионтагача парранда боқилаётган 40 дан ортиқ паррандачилик фабрикалари ва йирик фермер хўжаликлари эришаётган натижалар бунинг тасдиғидир.
Шу билан бирга, мазкур соҳа катта жой, кўп харажат талаб қилмаслиги боис қишлоқлардаги деярли барча хонадонда товуқ парваришланади. Зеро, парранда етти хазинанинг бири бўлиб, халқимиз уни ҳам ёвғон, ҳам дори-дармон, дея эъзозлайди.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки товуқ парваришланган оилада гўшт сероб бўлади. Мунтазам парҳез маҳсулот истеъмол қилган кишига эса дард яқин йўламаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан парранда гўшти тановул қилишнинг тиббий меъёрлари ишлаб чиқилганининг сабаби ана шунда.
— Паррандачиликка ихтисослаштирилган бизнинг жамоамизга бундан саккиз йил аввал 10 минг дона жўжа келтирилган эди, — дейди “Agro Chiken Business” корхонаси мутахассиси Маҳаммаджон Тўйметов. — Ҳозирги кунга келиб, товуқларнинг бош сони 110 мингтадан ошди. Улар “Ломанн Браун-классик” зотига мансуб бўлиб, маҳсулдорлиги юқори: кунига ўртача 100 мингта тухум олинаяпти.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кейинги йилларда тармоқ учун зарур ускуна ва жиҳозлар, ветеринария дори воситалари ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилгани фаолиятимиз ривожида қўл келаяпти. Касалликларнинг олди олиниб, тухум ва парранда гўшти етказиб бериш ҳажми кўпаймоқда. Форум доирасида чет эл компанияларининг тақдимотлари ўтказилгани эса айни шу жиҳатдан фойдали бўлди.
Форумда хорижий давлатларнинг ўнлаб корхона ва компаниялари вакиллари ҳам иштирок этаяпти.
— Биз Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, — дейди “Big Dutchman” (Германия) компанияси менежери Виктор Галле. — Шу боис юртингизда паррандачилик тармоғи жадал ривожланиб бораётганини яхши биламиз. Компаниямиз ушбу соҳа учун зарур ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, ўз маҳсулотимизни мамлакатингиз бозорига дастлаб 2008 йилда олиб кирган эдик. Ўтган давр мобайнида алоқаларимиз мустаҳкамланиб, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнида фаол иштирок этаяпмиз. Бундай лойиҳалар давлатингиз томонидан қўллаб-қувватланиб, имтиёзли кредит маблағлари билан таъминланаётгани эътиборга лойиқ. Мазкур тадбир эса ўзбекистонлик соҳа вакиллари билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, янги ҳамкорлар топишимизга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, ички ва ташқи бозорда паррандачилик маҳсулотларига бўлган талаб бугунги кунда янада ортган. Бу эса экологик тоза ва юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини муттасил ошириб боришни тақозо қилади. Шу маънода, Ўзбекистонда махсус дастур асосида ҳар йили кўплаб замонавий паррандачилик хўжаликлари ташкил этилаётгани, парҳез гўштни қайта ишлашга ихтисослаштирилган саноат корхоналари фойдаланишга топширилаётгани маҳсулот турини кўпайтиришда муҳим омил бўлаётгани диққатга сазовордир.
Форум доирасида паррандачиликни йўлга қўйиш, соҳада самарали фаолият юритиш, омихта ем, ветеринария  маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда тармоққа илғор технологияларни жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилиниши баробарида, маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг тақдимотлари ҳам ўтказилмоқда.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn