Оилавий бизнес муваффақияти
  • 25 Ноябрь 2015

Оилавий бизнес муваффақияти

Янгийўл туманилик тадбиркор Икром Ваҳобов яратилган кўплаб имтиёз ва преференциялардан оқилона фойдаланиб келаяпти. Сабаби, у ташкил этган тикувчилик цехи “оилавий корхона” мақомига эга.

Дастлаб фақат оила аъзолари иштирокида фаолият бошлаган мазкур субъект қисқа фурсатда 30 нафар чевардан иборат жамоага айланди. Илк даромад ҳамда молия муассасаси мадади билан Хитойдан замонавий тикиш-бичиш, қолиплаш, безак бериш ускуналари олиб келинди.
— Тикаётган либосларимиз, асосан, болажонларга мўлжалланган, — дейди корхона мутасаддиларидан бири Озода Ваҳобова. — Шу боис уларни тайёрлашда табиий толали, юмшоқ матолардан фойдаланаяпмиз. Либослар дизайни ва сифати устида қўлигул чеварларимиз доимий изланишда.
Айни пайтда бу ерда ойига 2 минг донадан ортиқ 20 турдаги кийим-кечак тайёрланмоқда. Тадбиркорнинг мақсади ушбу кўрсаткични ошириш ва ўз маҳсулотларини экспортга ҳам йўналтиришдир.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn