Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес-форуми
  • 24 Ноябрь 2015

Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес-форуми

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг кимё, нефть-кимё, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик, фармацевтика каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор бўлиб, икки давлат ўртасидаги алоқалар барча йўналишда изчил ривожланиб бораяпти. Бунда савдо, сармоя, экспорт-импорт, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳалар қамраб олингани, айниқса, ўз самарасини бермоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда республикамизда Жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 439 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 75 таси тўлиқ ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Шунингдек, юртимизда Корея Республикасининг 72 та компанияси ваколатхонаси очилган. Натижада томонлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ўсмоқда. 2014 йилда бу борадаги кўрсаткич 2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойида 1,2 миллиард доллардан ошгани ана шундан далолатдир.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон автомобилсозлигига ҳам мустақиллигимизнинг илк йилларида Жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликда асос солинган эди. Бугунги кунда ушбу соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Ўтган давр ичида, шунингдек, бошқа муҳим соҳаларда ҳам кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди. Сурғил кони негизида ташкил этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси — шулардан бири. Қиймати қарийб 4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган мазкур йирик лойиҳа Корея газ корпорацияси (KOGAZ) ҳамда “Lotte Chemical” компанияси кўмагида амалга оширилаяпти.
Форумдан кўзланган мақсад ҳам икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашишдир.
Унда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида иқтисодиётнинг барча тармоғи, айниқса, кимё, нефть-кимё, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик, фармацевтика каби соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан имкониятлар мавжудлигини алоҳида қайд этдилар.
Чет эллик мутахассисларга Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар, хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўз навбатида, Корея Республикасининг 40 дан ортиқ компаниялари раҳбарлари юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолар экан, жумладан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналаридаги шарт-шароитлар катта қизиқиш уйғотганини мамнуният билан айтишди.Томонлар савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё, юқори технологиялар, қурилиш материаллари саноатидаги алоқаларни янада кенгайтириш, биргаликда ўзаро фойдали сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шу куни Ўзбекистоннинг бир қатор компания ва корхоналари ҳамда Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Кооперация биржаси бўлиб ўтди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn