Шаффофлик ва очиқлик давлат харидлари тизимида муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 24 Ноябрь 2015

Шаффофлик ва очиқлик давлат харидлари тизимида муҳим аҳамият касб этмоқда

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўазначилиги томонидан кичик бизнес субъектларини давлат харидлари тизимига жалб қилишнинг аҳамияти масаласига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар натижасида улар иқтисодиётимизнинг барча тармоғида самарали фаолият юритиб, ички бозорни сифатли маҳсулот ҳамда хизматлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини янада оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Президентимизнинг 2011 йил 7 февралдаги “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳа вакилларини давлат харидларига жалб қилишнинг соддалаштирилган тизими жорий этилгани улар учун яна бир қулайлик бўлди. Бунда республика Товар-хом ашё биржасида махсус ахборот портали яратилгани айни муддао бўлаяпти.
— Ҳозирги кунда мазкур портал юртимиз ишбилармонларининг асосий савдо майдонига айланган, — дейди Молия вазирлиги ўазначилиги бош мутахассиси Жасур Умаров. — Буни давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб бериш учун аккредитациядан ўтган кичик бизнес субъектлари сони муттасил ўсиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни 2015 йилнинг тўққиз ойида уларнинг умумий сони 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,7 баробар кўпайиб, давлат харидлари иштирокчилари умумий сонининг 98,1 фоизини ташкил этди.
Таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат харидлари бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Молия вазирлиги ўазначилиги унинг ишчи органи ҳисобланади. Мазкур орган томонидан давлат харидлари тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, унинг қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида изчил ишлар олиб борилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, харидларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш механизмлари жорий қилинди. Пировардида республика ва маҳаллий бюджетлар маблағларини сарфлашда самарадорликка эришилиб, товарлар бозорида соғлом рақобат муҳити юзага келгани қувонарлидир.
Тадбирда, шунингдек, давлат харидлари тизимида кичик бизнес субъектларининг устуворлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn