Барқарор фаолият асоси
  • 20 Ноябрь 2015

Барқарор фаолият асоси

Пойтахтимизда “Халқаро молия бозорларига интеграциялашув шароитида Ўзбекистон банк-молия соҳасини модернизациялашнинг замонавий тенденциялари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва Банк-молия академияси томонидан ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари, республикамизда фаолият юритаётган тижорат банклари ва халқаро молия ташкилотлари вакиллари, экспертлар ҳамда тегишли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда банк-молия соҳасини ислоҳ қилиш, банкларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлашди. Кейинги йилларда молия муассасалари томонидан ажратилаётган кредитлар салмоғи ортиб бораётгани, кўрсатилаётган хизматлар сифат жиҳатидан яхшиланаётгани, аҳолининг банкларга ишончи тобора мустаҳкамланаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Бу борада, айниқса, Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Натижада юртимиз банк-молия тизимининг фаолияти нуфузли халқаро ташкилотларнинг эътирофига сазовор бўлаётир.
Конференция иштирокчилари мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, банклар томонидан кўрсатилаётган замонавий хизматлар иқтисодиёт тармоқлари ривожида муҳим омил бўлаётганини алоҳида қайд этдилар.
Анжуманда, шунингдек, банклар фаолиятини янада такомиллаштириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялашда лизинг бозорининг аҳамияти сингари мавзуларда маърузалар тингланди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn