Жаҳон стандартларига мос маҳсулотлар
  • 20 Ноябрь 2015

Жаҳон стандартларига мос маҳсулотлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда саноатнинг барча йўналиши, айниқса, чарм-пойабзал тармоғида жадал ривожланиш суръатлари кузатилмоқда. Бунда соҳа равнақига қаратилаётган алоҳида эътибор, тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар муҳим омил бўлаётир.

Натижада чет эл сармояси иштирокида кўплаб замонавий корхоналар бунёд этилиб, ички ва ташқи бозорда рақобатдош бўлган маҳсулотлар тайёрланаяпти. Жорий йилнинг тўққиз ойида юқори қўшимча қийматга эга чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоиз ўсгани бунинг яққол тасдиғидир.
Тошкент шаҳрида “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан ташкил этилган анжуманда ана шу ҳақда сўз юритилди.
Таъкидландики, юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш имконияти юқори бўлиб, муҳим хом ашё — тери ниҳоятда сероб. Яъни йилига ўртача 12 миллион дона тери олинади. Уларни чуқур қайта ишлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли аҳолига чарм-пойабзал маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми йил сайин ошмоқда. Биргина 2015 йилнинг тўққиз ойида фақат уюшма тизимидаги хўжалик юритувчи субъектларда 316,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 117,4 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари, 342 миллион кв.дм. чарм маҳсулотлари, 4 миллион 135 минг жуфт пойабзал, 3 миллиард 855 миллион сўмлик чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, барча йўналишда барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Тери сифатли қайта ишланиб, бозор талаби чуқур ўрганилгани ҳолда, маҳсулотлар замонавий дизайн асосида тайёрланаётгани туфайли уларнинг рақобатдошлиги ошаётир.
Ўтган даврда пойабзалларнинг 300 дан ортиқ янги модели, чарм-атторлик маҳсулотларининг эса 70 турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар мевасидир. Пировардида қарийб 80 миллион АҚШ долларилик чарм-пойабзал маҳсулотлари экспортга йўналтирилди. Маҳсулотларимизни импорт қилаётганлар орасида мазкур соҳа тараққий этган Италия, Испания, Корея Республикаси, Хитой каби мамлакатларнинг борлиги кишини қувонтиради. Мутахассисларнинг эътироф этишича, бу республикамизда тайёрланаётган маҳсулотлар жаҳон стандартларига ҳар томонлама жавоб бераётганининг амалий тасдиғидир.
Чиндан ҳам, тизимдаги мавжуд қувватлар модернизация қилиниб, энг замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланаётгани муваффақиятларни таъминлаяпти. Масалан, бу йил Инвестиция дастури доирасида тармоққа 12 миллион АҚШ доллари жалб этилиб, олтита инвестициявий лойиҳа амалга оширилаётир. 2019 йилгача эса жами 61 ана шундай лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши белгиланган. Ушбу мақсадда 70,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши 1800 га яқин иш ўринлари яратиш, 398,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.
— Жорий йилдан эътиборан чарм-пойабзал соҳасини жадал ривожлантиришга хизмат қиладиган яна бир истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилаяпти, — дейди уюшма раиси ўринбосари Шарифжон Шералиев. — Яъни 13 миллион доллар сармоя йўналтирилиб, республикамиз вилоятларида замонавий кичик кушхоналар ишга туширилаяпти. Уларни бунёд этишда хориж тажрибаси, ўзбекона анъаналар тўлиқ инобатга олиниб, чиқитсиз технология жорий этилмоқда. Чунки янги мажмуаларда чорва молларини қабул қилишдан тортиб, терини қайта ишлашгача бўлган жараён тўлиқ қамраб олинади. Келгусида эса бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайтирилиб, юртимизнинг барча ҳудуди, хусусан, чорвачилик ривожланган Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятларида кўплаб ана шундай кушхоналар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаётир.
Анжуманда, шунингдек, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, аёллар, болалар пойабзаллари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, енгил саноат, мебелсозлик ва автомобилсозлик саноати учун чарм маҳсулотлари етказиб бериш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган инвестициявий лойиҳалар, уларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn