Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш
  • 20 Ноябрь 2015

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳамда модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор ривожланиш суръатлари таъминланиши, қувонарлиси, янги йўналишлар пайдо бўлишига мустаҳкам замин яратмоқда. Лизинг соҳаси иқтисодиётимизнинг ана шундай янги, аммо жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда лизинг хизматларига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас. Чунки юртимизда тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати ривожланиб, ҳатто чекка ҳудудларда ҳам кўплаб ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилаяпти. Уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани эса рақобатдош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш имконини бераётир. Айниқса, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш тадбирлари доирасида фермер хўжаликларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани туфайли соҳада самарадорлик юқори бўлишига эришилмоқда. Бундай эзгу ишлар рўёбига  “Ўзмелиомашлизинг” лизинг компанияси яқиндан кўмак бераётир.
Президентимизнинг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган мазкур компанияни молиялаштирувчи -асосий манба — Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси саналади. Унинг асосий фаолияти Қишлоқ ва  сув хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида сув хўжалиги қурилиш ҳамда фойдаланиш  ташкилотларига мелиоратив техниканинг кўп профилли мавжуд паркини янгилаш ва шакллантиришни рағбатлантириш, замонавий мелиорация техникаси ҳамда асбоб-ускуналари етказиб берилишини таъминлашдан иборатдир.
Шундан келиб чиқиб, компания томонидан ўтган давр мобайнида  сув хўжалиги ташкилотларига 2000 дан  ортиқ илғор мелиоратив техника ва машина-механизмлар лизинг асосида олиб берилди. 767 та  юқори  унумли  экскаватор, 236 дона бульдозер ҳамда бошқа турдаги техника воситалари ана шулар жумласидандир.
Бундай замонавий техникалар ирригация-мелиорация тадбирларини сифатли, ўз вақтида амалга ошириш, пировардида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини бермоқда. Кейинги етти йилда 1 триллион 627 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 2 миллион 45 минг гектар экин майдонининг мелиоратив ҳолати яхшилангани бунга тўла асос бўла олади.
Бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилаётган ушбу чора-тадбирлар самарасини кейинги икки йилда пахта ва ғалла бўйича ҳосилдорлик гектарига ўртача 2-5 центнерга ошгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ваҳолонки, мустақилликнинг дастлабки йилларида суғориладиган ерларда ғалла ҳосилдорлиги гектарига ўртача 24-26 центнерни ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб, бу кўрсаткич 53 центнерга етгани, юзлаб фермер хўжаликларида 85-95, ҳатто 100 центнердан юқори бўлгани таҳсинга лойиқ, албатта. Бу аграр соҳада амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар меваси, дон мустақиллигимиз мустаҳкамланиб бораётганининг амалий тасдиғи, албатта.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, айниқса, сув хўжалиги ва мелиорация соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.  Унда ўзаро узвий боғлиқ бўлган ирригация-мелиорация тадбирларини биргаликда олиб бориш, объектларни реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали обиҳаётдан унумли фойдаланиш мақсадида устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида 2013 — 2017 йилларда ирригация ишлари бўйича 2 минг 103 километрлик суғориш каналларини  қуриш ва реконструкция қилиш, 96 та гидротехник иншоот барпо этиш ҳамда реконструкциялаш, 558 минг 571 километр узунликдаги суғориш каналларини таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилса, мелиорация тадбирлари бўйича 3 минг 852 километрлик коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 75 минг 507 километр узунликдаги зовурларни таъмирлаш-тиклаш ҳамда бошқа турдаги ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Шу давр мобайнида эса “Ўзмелиомашлизинг” компанияси томонидан мелиоратив техникалар паркини янгилаш мақсадида 836 та замонавий мелиорация техникаси ва механизмлар етказиб берилиши, бунинг эвазига 1170 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш керакки, компания ўз фаолияти давомида иқтисодий ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишларидан бири — маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиб, юртимиз ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш пайидан бўлмоқда. Хусусан, 2014 йилда Хоразм вилоятида фаолият бошлаган “UzXCMG” қўшма корхонасидан замонавий экскаватор ва бульдозерлар харид қилиниб, лизинг олувчиларга етказиб берилаётган бўлса, “UzCase” қўшма корхонасидан кичик экскаватор юклагичлар сотиб олинмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли 2014 йилда 70 фоиз техника маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинди. 2015 йилда эса мазкур кўрсаткични 85 фоизга етказишни мўлжаллаяпмиз. 
Лизинг асосида сотиб олинаётган техникаларга сифатли техник ва сервис хизматлари кўрсатилишида компания қошида “Мелиомашлизингсервис” шуъба корхонаси ташкил қилингани айни муддао бўлди. Ушбу корхона янги диагностика ускуналари билан жиҳозланиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани, ўз навбатида, тегишли хизматларга бўлган талабни тез ва сифатли қондириш имконини бераяпти.
Мелиорация техникаларидан янада самарали фойдаланишни назорат қилиш мақсадида компания томонидан яна бир янгилик амалиётга татбиқ этилди. Яъни 2015 йилдан эътиборан техникаларга GPS навигаторлари ўрнатила бошланди. Бугунги кунга қадар 950 та техника ана шундай электрон кузатув мосламаси билан таъминланди. Компания мутахассислари улар ёрдамида техника ишлаб турган жойдан мунтазам хабардор бўлиш имкониятига эгадирлар.
Тизимда олиб борилаётган барча ишлар экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдеворки, бу пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилади.


Тўхтамурод ОТАҚУЛОВ,
«Ўзмелиомашлизинг» компанияси бўлим бошлиғи,
қишлоқ хўжалиги
фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn