Савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатлар кўриб чиқилди
  • 13 Ноябрь 2015

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатлар кўриб чиқилди

Кеча пойтахтимизда Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Латвия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда савдо, транспорт, логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, туризм, илм-фан каби соҳаларга дахлдор вазирлик ҳамда идоралар, компания ва ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Комиссия кун тартибига биноан, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳолати бўйича фикр алмашилиб, савдо, транспорт ва транзит, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни татбиқ этиш, умуман, иқтисодиётнинг барча соҳасини ривожлантириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги дўстона алоқалар ривожида икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир.  
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатлар “Иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги тўғрисида”ги, “Инвестицияларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги, “Ҳаво хабарлари тўғрисида”ги, “Халқаро автомобиль хабарлари тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги, “Энергия захираларини янгилаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги каби ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар асосида тартибга солинмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги битимга мувофиқ, қулай тартиб-таомиллар ўрнатилгани ҳам савдо муносабатларини кенгайтиришда қўл келаяпти. 2014 йилда Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 245,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ушбу кўрсаткич  жорий йилнинг тўққиз ойида 134,1 миллион долларга етказилгани, айни пайтда юртимизда латвиялик сармоядорлар иштирокида 32 та корхона фаолият юритаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
— Ўзбекистон мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади, — дейди Латвия Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ривожланиш вазири Каспарс Герхардс. — Юртингизда хорижий ишбилармонларга яратиб берилаётган қулай инвестициявий муҳит туфайли муносабатларимиз тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Масалан, шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Транспорт ва логистика — TransUzbekistan — 2015” ўн иккинчи халқаро кўргазмасида бизнинг ўндан зиёд компания ва фирмаларимиз қатнашаяпти. Бу эса келгусидаги алоқаларимизни янада ривожлантиришда катта имкониятдир.
Тадбирда икки томон ишбилармонлар гуруҳи томонидан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлис давомида Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳаларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди, меҳмонлар эса мамлакатимизда хусусийлаштириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди.
Шу куни Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn