«Ўзбекистон қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш учун қулай шароит ва етарли илмий-техникавий имкониятларга эга»
  • 13 Ноябрь 2015

«Ўзбекистон қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш учун қулай шароит ва етарли илмий-техникавий имкониятларга эга»

Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум хорижий ишбилармон доира вакиллари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Тадбирда иштирок этган чет эллик меҳмонлар мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиш билан бирга, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирдилар.

Хусусан, Финляндиянинг “Solar-Arena” компанияси ижрочи директори Ярвинен Ари Йоханнес “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида форум таассуротлари билан ўртоқлашар экан, юртимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди. 
— “Solar-Arena” компанияси Ўзбекистоннинг қуёш энергиясидан фойдаланишни лойиҳалаштириш, соҳага оид зарур илмий-техникавий асос, махсус иншоотлар барпо этиш бўйича конструкторлик ҳамда технологик ишланмалар, шунингдек, малакали мутахассисларга эга эканлигини инобатга олган ҳолда, мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш истагида.
Республиканинг мазкур соҳани ривожлантиришдаги салоҳияти ва истиқболи ҳақида сўз юритганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзининг жуғрофий жойлашуви ва иқлим шароитига кўра, юртингиз муқобил энергия ишлаб чиқаришнинг мазкур замонавий йўналишини ривожлантириш учун қулай имкониятларга эга. Ўзбекистонда ҳаво бир йилда 320 кундан зиёд очиқ бўлиб, мамлакатингиз йил давомида қуёшли кунларнинг кўплиги бўйича дунёнинг аксарият минтақаларига нисбатан устунликка эга.
Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки хулосаларига кўра, Ўзбекистонда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқдир.
Мазкур келтириб ўтилган маълумотлар Ўзбекистонда соҳанинг юксак истиқболга эга эканлигидан далолат беради.
Маълумки, Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича тадқиқотлар ўтган асрнинг 80-йилларида, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Осиё минтақасида ягона ва илмий ишланмалари юртингиздан ташқарида ҳам машҳур бўлган “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг илмий тадқиқотлар маркази ташкил этилганидан кейин жадал ривожлана бошлади.
Бундан ташқари, 2013 йилда мазкур марказ асосида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда минтақада ягона илмий тадқиқотлар олиб борувчи марказ — Тошкент Халқаро қуёш энергияси институти ташкил этилди. Ушбу тадқиқот институтидан олинган натижалар қуёш энергиясидан фойдаланишда ишлатиладиган истиқболдаги технологияларда кенг қўлланилади.
Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум натижалари Ўзбекистоннинг сармоявий ҳамда бизнес салоҳияти билан биргаликда мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларига ижобий туртки бўлиб ҳизмат қилишига ишонамиз.   

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn