Аграр соҳага сармоялар
  • 12 Ноябрь 2015

Аграр соҳага сармоялар

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидландики, молия муассасалари томонидан ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани боис шу йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг энг муҳим турларини етиштириш учун қарийб 2,4 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бунда мулкий таъминоти етишмаётган субъектларнинг кредит олиш тартиби енгиллаштирилиб, қайта ишловчи корхоналарни молиялаштиришда кафиллик усули кенг қўлланилаётгани, фермер хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида полиз, мева-сабзавот ҳамда узум маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар учун олдиндан 40 фоиз миқдорида бўнак олиш тартиби жорий этилаётгани, айниқса, қўл келаётир.
Қолаверса, банклар ўз кредит ва хизматлари билан  қишлоқ хўжалигининг барча йўналишини қамраб олаётгани диққатга сазовордир. Масалан, айни пайтда соҳа вакилларига 1,5 мингдан ортиқ минибанк ҳамда махсус кассалар хизмат кўрсатаётган бўлса, йил бошидан буён молия муассасалари томонидан асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш учун 32,6 миллиард сўмдан зиёд,  чорвачилик ҳамда паррандачиликка 118,3 миллиард сўм, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга 58,1 миллиард сўм миқдорида сармоялар ажратилди.
Бундан ташқари, банкларимиз сармоялари ҳудудларда янги совутқичларни қуриш ва мавжудларини таъмирлаш ишларига йўналтирилаётгани ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Шу мақсадда ҳозирги кунгача 30 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилгани бунинг тасдиғидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn