Экспорт кўламини кенгайтириш йўлида
  • 11 Ноябрь 2015

Экспорт кўламини кенгайтириш йўлида

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида Латвия транспорт-логистика компанияларининг мамлакатимиз экспорт юкларига хизмат кўрсатиш имкониятларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош директори Жаҳонгир Мустафоев, мамлакатимизнинг Логистика бизнесини ривожлантириш уюшмаси бош директори Акром Муҳидов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз саноати изчил ривожланаётгани, экспорт жуғрофияси кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Латвия ўртасида кўплаб соҳаларда яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Иқтисодиёт, савдо ва саноат соҳаларида энг кўп қулайлик яратиш тизими жорий этилган. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олишга оид келишувлар амал қилмоқда.
Транспорт соҳаси Ўзбекистон ва Латвия ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан. Мамлакатларимиз Евроосиё транзит йўлагининг муҳим қисмларини ташкил этади. Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Европа давлатларига Латвия портлари орқали етказилади.
Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда улар ички бозорни тўлдириш билан бирга, товарларини ташқи бозорларга ҳам чиқармоқда. Бунда, жумладан, Латвия транспорт коммуникацияларидан фойдаланилмоқда. 
Тадбирда Ўзбекистон ва Латвия логистика компаниялари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, юклар транзитини самарали бошқариш, ҳужжатларни расмийлаштиришга доир масалалар ҳақида сўз борди.
— Ўзбекистонда экспорт ҳажми муттасил ошиб бораётгани транспорт-логистика соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни талаб этади, — деди Латвия стивидор компаниялари уюшмаси президенти Улдис Папанс. — Уюшмамизга аъзо компаниялар Рига эркин бандаргоҳида иш юритади. Ўзбекистонлик ишбилармонлар билан бизнес алоқаларини ривожлантиришдан, мамлакатингиз логистика компаниялари билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Ўзбекистон бизнесменларига Рига эркин бандаргоҳи ҳудудида Латвиянинг стивидор компаниялари билан ҳамкорликда қўшма корхона (хаб) тузишни таклиф этамиз. Бу Ўзбекистон экспортчиларига Европа бозоридаги ўз ўрнини янада кенгайтиришга катта ҳисса қўшади. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, Латвия ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз.
Анжуманда транспорт ва омбор логистикаси соҳасида хизмат кўрсатиш, юк сақлаш ва ташишни янада яхшилаш, кичик бизнес субъектлари экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 
Давра суҳбати якунида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Логистика бизнесини ривожлантириш уюшмаси ҳамда Латвия стивидор компаниялари уюшмаси ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn