«Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз»
  • 11 Ноябрь 2015

«Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз»

Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан пойтахтимизда Халқаро инвестициявий форум катта муваффақият билан ўтказилди. Унда дунёнинг 33 давлатидан фирма ва компаниялар, инвестиция фондлари ҳамда банклар, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи халқаро иқтисодий ҳамда молиявий институтларнинг 560 вакили, шу жумладан, олимлар ва экспертлар қатнашди.

 

Мазкур йирик иқтисодий анжуман, кутилганидек, ўта самарали кечди. Якунда умумий қиймати 12,4 миллиард АҚШ долларилик 100 дан ортиқ битим ҳамда меморандумлар имзолангани, бир қатор янги инвестициявий лойиҳалар бўйича музокаралар давом этаётгани бунинг яққол исботидир.
Буларнинг барчаси, ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг иқтисодий-сармоявий салоҳиятини жаҳонга яна бир карра намоён этиш билан бирга, чет эллик ишбилармонлар билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Буни меҳмонларнинг қуйидаги дил сўзлари ҳам тасдиқлайди.

Томаш ТЕЛЬМА,
Халқаро молия корпорациясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори:
— Форумдан кўзланган мақсад рўёбга чиқди, дейишимизга барча асос бор. Анжуман асносида Ўзбекистоннинг жозибадор инвестициявий муҳитига муштарак, яъни кўплаб истиқболли битим ва меморандумлар имзолангани, уларда ёнилғи-энергетика, машинасозлик, қурилиш материаллари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш саноати, транспорт-коммуникация каби тармоқлар қамраб олингани ана шундан далолат беради. Бу, аввало, мамлакатингизнинг кўп қиррали иқтисодиётини модернизация қилиш ҳамда диверсификациялаш, техник ва технологик янгилаш чора-тадбирлари янада кенг миқёсда давом эттирилишини англатса, бошқа бир жиҳатдан, юртингиз аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” брендининг дунё бозорига янада чуқур кириб боришини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ян КОЛМАЙЕР,
“MAN Truck & Bus AG” компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий раҳбари (Германия):
— Ўзбекистонда хорижлик инвесторлар учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилиши баробарида, жозибадор имтиёз ва преференциялар қонунчилик асосида мустаҳкамлаб қўйилган. Бундай қулай муҳитда фаолият юритиш, аслида, ҳар бир инвесторнинг мақсадидир. 2009 йилда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси билан юртингизда оғир юк кўтарадиган автомобиллар ишлаб чиқариш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича “JV MAN Auto — Uzbekistan” қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолаган эдик. Бундан беҳад мамнун эканлигимизни айтсам, кўпчилик фикримни қўллаб-қувватлаши аниқ. Гап шундаки, самарали ҳамкорлигимиз шарофати ўлароқ, айни пайтда бу заводда қирқ турдан ортиқ юк ташувчи ва махсус техника воситалари ишлаб чиқарилаяпти. Жорий йилда эса беш мингинчи юк автомобили конвейердан туширилди.
Бундан ташқари, шаҳар ичида қатнаш учун мўлжалланган “Lion” русумли автобус Тошкентда синовдан ўтказилаётган бўлса, яқин орада янги русумдаги сайёҳлик автобусининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтади. Форум давомида биз каби кўплаб компаниялар янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш бўйича келишувларга эришгани, шубҳасиз, Ўзбекистон иқтисодиёти янада равнақ топиши, экспорт салоҳияти бундан-да юксалиши учун пухта замин яратади.

Мартин ВОЖУР,
“Alstom” компанияси бош директори (Франция):
— Халқаро инвестициявий форумда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ўзаро англашув меморандумини имзолаб, юртингизда электр двигателлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона ташкил этишни режалаштирдик. Бундай жиддий қарорга келганимиз бежиз эмас. Сабаби, Ўзбекистон қисқа давр ичида ўзининг мустақил тараққиёт модели асосида дунё ҳамжамияти ҳавасини келтираётган муваффақиятларни қўлга киритаяпти. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсири ҳали-ҳануз давом этаётган ҳозирги шароитда ҳам мамлакатингизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 8 фоиздан пастга тушмаётгани ҳолда, макроиқтисодий барқарорлик таъминланаётгани, аҳоли фаровонлиги юксалиб бораётгани бунга мисол бўла олади.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, республикангизда чет эллик инвесторлар учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё. Мустаҳкам қонуний база дейсизми, сифатли хом ашё, қулай инфратузилма ва таъминот тизими ёки малакали ёш кадрларми — ҳаммаси мавжуд. Бу, аввало, Ўзбекистонда кўплаб соҳалар қатори транспорт-коммуникация тармоқларини ҳар томонлама ривожлантириш, транзит имкониятларини янада кенгайтириш йўлида стратегик чора-тадбирларни юзага чиқариш кўламини оширишда асосий омилдир. Мана шундай қулай шароитларга эга мамлакатга кимнинг сармоя киритгиси келмайди дейсиз?!

Цуцуи ХИРОСИ,
“Isuzu” компанияси минтақавий директори (Япония):
— Ўзбекистон йилдан-йилга жадал ривожланиб, дунё миқёсида муносиб ўрин эгаллаб бораётган давлатдир. Шунга мос равишда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик ҳам тобора кенгаймоқда. Форум ушбу йўналишлардаги алоқаларни янги босқичга кўтаришда муҳим роль ўйнайди, деб бемалол айта оламан.
Кези келганда яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда юртингизда Япония сармояси иштирокида ташкил этилган қатор қўшма корхоналар транспорт, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, енгил саноат сингари тармоқларда самарали фаолият юритиб келаяпти. Уларнинг орасида бизнинг компания ҳам борлигидан беҳад мамнунмиз. Нега деганда, мана, тўққиз йилдирки, “СамАвто” масъулияти чекланган жамиятининг технологик шериги сифатида “Isuzu” автобуслари, юк машиналари ва бошқа техника воситалари учун шасси ҳамда двигателлар ишлаб чиқарилмоқда. Қолаверса, бу ерда табиий газда ҳаракатланадиган юк машиналарининг янги моделларини тайёрлаш ўзлаштирилди. Хабарингиз бор, яқинда “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари таркибига кирдик. Бу — узоқ муддатли самарали алоқаларимизнинг ёрқин истиқболидан далолат.
Фурсатдан фойдаланиб, форум ташкилотчиларига уни юксак савияда уюштиргани учун чуқур миннатдорлигимни билдираман.

Хосе Мариа де Ориол ФАБРА,
“Talgo” компанияси бош ижрочи директори (Испания):
— Диёрингизга кўп бор келганман. Бу гал бутун дунёдаги йирик компаниялар, инвестиция фондлари, банклар мутасаддилари, ишбилармон ва экспертлар йиғилган Халқаро инвестициявий форумда қатнашганимдан бениҳоя мамнунман. Анжуман доирасидаги тақдимотларни катта қизиқиш билан кузатиб, маърузаларни диққат билан тингладим. Шу аснода юртингизнинг инвестициявий жозибадорлиги, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида қўлга киритилган улкан ютуқлар билан яна бир бор яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим.
Шунда, биласизми, компаниямизда ишлаб чиқарилган “Afrosiyob” тезюрар электропоезди Ўзбекистоннинг маҳаллий йўналишларида ҳаракатланаётганидан, уларнинг бирида форум иштирокчилари ҳам Самарқанд шаҳрига бориб келганидан ич-ичимдан жуда қувондим.
Дарҳақиқат, мамлакатингизда темир йўл тармоғи жадал равнақ топаётгани ўзаро ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётгани самарасидир. Биз эса алоқаларимизни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn