Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — устувор вазифа
  • 11 Ноябрь 2015

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — устувор вазифа

Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ҳозирги пайтда кундалик истеъмол товарлари, хусусан, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига таъминланаяпти.

Ваҳолонки, истиқлолнинг дастлабки йилларида бу каби неъматларга бўлган талаб, асосан, импорт ҳисобига қондирилар эди. Соҳада эришилаётган муваффақиятлар, таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида қабул қилинаётган ҳаётий дастурларнинг юксак мевасидир.
Пойтахтимизда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси томонидан “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — устувор вазифа” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги жуда кенг тушунча бўлиб, у, энг аввало, аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда шундай неъматлар билан таъминлашни назарда тутади. Мазкур мезон асосида ёндашсак, юртимизда муайян ютуқлар қўлга киритилаётгани яққол намоён бўлади. Биргина жорий йилнинг тўққиз ойида 10 триллион 114,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 16,5 фоиз ўсишга эришилгани бунинг тасдиғидир. Шу жумладан, уюшма тизимидаги корхоналар томонидан 3 триллион 230 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, бу борадаги ўсиш суръати 25,8 фоизни ташкил этди. Айниқса, қандолат, маргарин, шакар, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошгани эътиборга лойиқдир.
— Таҳлилларга қараганда, бугунги кунда республикамизнинг ҳар бир фуқароси бир ойда 40 дан ортиқ номдаги маҳсулотларни харид қилиш имкониятига эга, — дейди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раисининг ўринбосари Азмиддин Қамбаров. — Бу аҳолининг турмуш шароити тобора яхшиланиб бораётганидан далолатдир. Шунга мос равишда маҳсулот тайёрлаш ҳажми ҳам кўпайтирилмоқда. Айтайлик, гўшт маҳсулотларига бўлган йиллик талаб 1,2 миллион тоннани ташкил қилса, амалда 1,9 миллион тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Сут ва сут маҳсулотлари эса меъёрдагидан қарийб икки баробар кўп миқдорда етказиб берилаяпти. Буларнинг барчаси мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланганининг амалий тасдиғидир.
Уюшма мутахассисларининг айтишича, озиқ-овқат саноатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам тобора ошиб бораяпти. Жорий йилнинг тўққиз ойида 46,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, шунинг ҳисобига кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилгани бунга мисол бўла олади.
Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро инвестициявий форум ҳам соҳа корхоналари учун самарали кечди. Яъни унинг доирасида кўплаб ишлаб чиқариш субъектларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳаларига чет эл инвестициясини жалб этиш юзасидан меморандумлар имзоланди.
Қувонарлиси, бундай лойиҳалар чекка ҳудудларда ҳам ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Узоққа бормайлик, шу йилнинг ўтган даврида ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ, 291,7 миллиард сўм миқдорида сармоя ўзлаштирилиб, 1000 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Бу каби чора-тадбирлар туфайли йилига 80-90 хилдаги янги маҳсулотлар тайёрланаётир.
Анжуманда, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган қалтисликларнинг олдини олиш, бу борада кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn