Қишда ҳам ёз неъматлари
  • 11 Ноябрь 2015

Қишда ҳам ёз неъматлари

Бугунги фаровон турмушимиз, бозорларимиздаги файзу барака, аввало, қишлоқ хўжалигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, қолаверса, соҳа вакиллари ҳисобланмиш фермерлар, деҳқону чорвадорлар, боғбону соҳибкорларнинг фидокорона меҳнати маҳсулидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан  қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, уни таркибий янгилаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар туфайли соҳада улкан  муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Кейинги йилларда ғаллачилик ва пахтачиликдан ташқари, бошқа қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам экинлар ҳосилдорлиги тобора ортиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 декабрдаги “2015 йилда мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг прогноз кўрсаткичлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Навоий вилоятида шахсий томорқа ҳамда фермер хўжаликларида ана шундай экинлар экилишини тўлиқ таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада М. Мирзаев номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти ҳамда кўчатчиликка ихтисослаштирилган хўжаликларнинг амалий кўмагида ҳудуддаги 61 фермер хўжалиги ва бошқа корхоналар томонидан 135 гектар ерда боғ, 136,3 гектар майдонда эса токзор барпо этилди.
—  2015/2016 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун захира омборларида 19 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш мўлжалланаяпти, — дейди вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Эралиев. — Шу боис мавжуд омборхоналар, совитиш камералари таъмирланиб, шай қилиб қўйилди. Энг муҳими, жорий йилда  асосий, оралиқ ва такрорий экин майдонларидан 512 минг тонна дала ҳамда боғ неъматлари йиғиштириб олингани аҳолининг бундай маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш имконини бераётир.
Булардан ташқари, озиқ-овқат саноатига ихтисослаштирилган замонавий корхоналарни  ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани туфайли шу йилнинг ўтган даврида ўнга яқин гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишловчи янги хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти йўлга қўйилди.
Мухтасар айтганда, буларнинг барчаси мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn