Божхона ишини янада такомиллаштириш — иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омили
  • 10 Ноябрь 2015

Божхона ишини янада такомиллаштириш — иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омили

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Аввалроқ ушбу қонун лойиҳаси дастлабки тарзда сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилган эди.

Мажлисда таъкидланганидек, Кодекс лойиҳаси тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган нормалар акс эттирилган энг йирик ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Муҳокамага киритилган қонун лойиҳаси 400 дан зиёд моддадан иборат. Қонун лойиҳасининг бундай йирик ҳажмда эканлиги, авваламбор, унинг божхона маъмурчилиги белгиланган норма ва қоидаларининг бир хилда қўлланилиши ҳамда талқин этилишини таъминлайдиган ва божхона соҳасида тартибга солиш комплекслилигини ҳамда шаффофлигини оширадиган яхлит ҳужжат эканлиги билан боғлиқдир.
Қўмита ишчи гуруҳи томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида катта ишлар бажарилди. Хусусан, депутатлар, қонунчилик ташаббуси субъекти вакиллари, тегишли идоралар, шунингдек, олимлар, мутахассислар ва экспертлар иштирокида очиқ мажлислар ўтказилди. Бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда божхона иши соҳасидаги 300 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолияти ўрганилди.
Алоҳида тўхталиб ўтилганидек, қонун лойиҳасини тайёрлашда Президентимиз томонидан сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасини либераллаштириш, экспортга чиқариладиган товарлар турини кенгайтириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш, қолаверса, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга оид қабул қилинган бир қатор муҳим ҳужжатлар инобатга олинди.
Депутатлардан келиб тушган амалий ва конструктив таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида ўрганиб чиқилди ҳамда ҳисобга олинди.
Парламент қуйи палатасида мазкур қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамаси очиқ ва эркин баҳс-мунозара шаклида ўтди. Бу ҳам ушбу ҳужжатнинг самарали божхона назоратини таъминлаш, мамлакатимиз ҳудудида товар айланмасини тартибга солиш, ташқи савдони ривожлантириш ҳамда уни амалга оширишга шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида депутатлар томонидан бир қатор принципиал масалалар ўртага ташланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштириш тартибини сезиларли даражада осонлаштиради. Ушбу тизим божхона органларига тақдим қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш ҳамда тадбиркорларнинг божхона органлари мансабдор шахслари билан юзма-юз мулоқот қилишининг олдини олиш имконини беради. Божхона экспертизасини ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам парламент аъзолари диққат-эътиборида бўлди. Киритилаётган нормалар ташқи иқтисодий фаолиятнинг Товар номенклатураси бўйича товар кодини ҳамда божхона тўловлари миқдорини аниқлашда холислик ва адолатлилик тамойилларига риоя этилишини таъминлайди.

А. РАҲМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:
— Божхона кодекси лойиҳасини бир неча кун давомида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдик. Қонун лойиҳасида интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқ эгасининг ҳимояси билан боғлиқ янги тартиб жорий этилаётгани муҳим ижобий жиҳатлардан биридир. Унга кўра, интеллектуал мулк объектларига нисбатан махсус ҳимоя қилиш чоралари қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, улар интеллектуал мулк объектлари божхона реестрига киритилиши назарда тутилмоқда. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини божхона қонунчилиги тўғрисида хабардор қилиб бориш ва шу бўйича мутахассис маслаҳатини бериш билан боғлиқ нормаларнинг киритилиши ҳужжатдаги яна бир янгиликдир. Мазкур қоидага мувофиқ, божхона органлари соҳага доир қонунчилик ҳақидаги маълумотлардан тўсиқсиз фойдаланишни таъминлаб, ўз ваколатлари доирасига кирадиган божхона иши ва бошқа масалалар бўйича маслаҳат беради.
Шунингдек, божхона органлари томонидан валюта назоратини амалга ошириш ҳамда бунинг мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамиятига оид бир қатор масалалар депутатларнинг диққат-эътиборида бўлди. Депутатлар томонидан қўйилган саволлар бўйича қонунчилик ташаббуси субъекти вакиллари ҳамда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда иштирок этаётган экспертлар, мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

М. МИРАЗИМОВА, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
— Депутатлар Божхона кодекси лойиҳасини кўриб чиқишга жиддий эътибор қаратишди. Масъул қўмита томонидан очиқ ва конструктив равишда иш олиб борилгани ҳам бунга қулай имкон яратди. Қайд этиш жоизки, қонун лойиҳаси амалдаги Божхона кодексида мавжуд бўлмаган янги бўлим ва бобларни ўз ичига олган. Айнан ана шу янгиликларга, хусусан, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда уйғунлаштириш, божхона расмийлаштирувини амалга оширишда божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартиришга катта эътибор қаратишди. Чунончи, божхона брокерлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, божхона назорати шаклини танлашда таваккалчиликларни бошқариш тизимидан фойдаланиш, интеллектуал мулк ҳуқуқий ҳимояси, маданий бойликларни вақтинчалик олиб чиқиш ва бошқа нормалар парламент аъзоларининг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Муҳокама жараёнида сиёсий партиялар электорати манфаатларига жавоб берадиган қарорлар қабул қилинди. Ўйлайманки, депутатлар томонидан кўтарилган масалалар божхона иши соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш самарадорлигини оширишга қаратилган мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар якунида депутатлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексини иккинчи ўқишда қабул қилишди. Масъул қўмитага қонун лойиҳасини учинчи ўқишга тайёрлаш топширилди.


Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn