Саноат кооперацияси соҳа равнақига хизмат қилаяпти
  • 10 Ноябрь 2015

Саноат кооперацияси соҳа равнақига хизмат қилаяпти

Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида қайд этилган қуйидаги рақамлар эътиборимизни тортди: жорий йилнинг 9 ойида 20 корхонада Маҳаллийлаштириш дастури асосида 70 дан зиёд лойиҳа ҳаётга татбиқ қилиниб, иқтисодий натижа кутилганидан қарийб бир ярим баравар кўп бўлибди.

Мазкур лойиҳалар рўёбга чиқарилиши натижасида 88,2 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот, жумладан, саноат корхоналари учун бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқарилгани ҳамда шу тариқа 34,4 миллион АҚШ долларилик маблағ тежаб қолингани ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш, ички тармоқ ҳамда тармоқлараро, корхоналар ўртасида кооперацияни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 4 февралдаги “2014 — 2016 йилларга тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёз ва преференциялар татбиқ этилаётирки, бу саноатимиз равнақида янги марралар сари кенг йўл очаяпти. Шунга мос равишда техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланаётган корхоналарда харидор диди ҳамда талабига мос, замонавий ва рақобатдош маҳсулотлар тайёрланмоқда. Бу борада Бекобод шаҳридаги “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг бир қатор завод ва цехларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалардан катта самаралар кутилмоқда. Чунончи, жамиятда пайвандлаш электродлари тайёрлашга киришилгани ҳам Маҳаллийлаштириш дастурининг яна бир амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. Шу билан бирга, янги лойиҳа комбинатнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини барқарорлаштириш баробарида, 90 дан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди.
— Биласиз, бундай маҳсулотга халқ хўжалигининг деярли барча тармоғида талаб катта, — дейди смена устаси Ўткир Шокиров. — Бироқ улар валюта эвазига четдан келтириларди. Шу боис, асосан, маҳаллий хом ашёдан тайёрланаётган электродларимиз сифати ва мақбул нархи билан қисқа фурсатда ички бозордан муносиб ўрин эгаллади. Айни пайтда уларни мамлакатимизнинг барча ҳудудига етказиб бераяпмиз. Шунингдек, Навоий ва Олмалиқдаги кон-металлургия комбинатлари ҳамда бошқа бир қатор йирик саноат тузилмаларининг улгуржи буюртмаларини ҳам ўз вақтида уддалаяпмиз.
Дастлабки босқичда цехда уч хилдаги электродлар тайёрланган бўлса, ҳадемай, уларнинг тури янада кўпаяди. Айни пайтда корхона мутахассисларининг инновацион йўналишдаги изланишлари самараси ўлароқ, “MR-3U” русумидаги “J-422” маркали электрод синовдан муваффақиятли ўтган бўлса, йил якунигача унинг яна бир янги тури ишлаб чиқарила бошланади. Эътиборлиси, бундай пайвандлаш ашёлари ўзининг сифат кўрсаткичлари ҳамда иқтисодий тежамкорлиги билан турдошларидан фарқ қилади.
Умуман олганда, мазкур изланишлар самараси туфайли биргина мазкур цехнинг ўзида жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 40,5 миллиард сўмликдан кўпроқ маҳсулот тайёрлашга эришилди.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn