Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш — муваффақиятлар гарови
  • 07 Ноябрь 2015

Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш — муваффақиятлар гарови

Пойтахтимизда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгашининг 63-мажлиси иштирокчилари ана шундай фикр билдиришди.

Тадбирда Ҳамдўстлик давлатлари, шунингдек, Латвия, Литва, Эстония, Финляндия, Исландия каби мамлакатларнинг темир йўл ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Кенгаш кузатувчилари сифатида эса Эрон Ислом Республикаси темир йўл маъмурияти ҳамда Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаларининг халқаро конфедерацияси вакиллари қатнашди.
Уни ташкил этишдан мақсад давлатлар ўртасида барқарор иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, юк ва йўловчи ташиш жараёнида узилишларга йўл қўймаслик, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда темир йўл транспорти органлари ўртасида интеграцияни ривожлантиришдан иборатдир.
Йиғилишнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда темир йўл транспорти ривожига алоҳида эътибор берилаётгани туфайли соҳанинг салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Пировардида азал-азалдан Шарқу Fарбни бир-бирига боғловчи мустаҳкам кўприк вазифасини бажариб келган Ўзбекистон бугунги кунда ҳам халқаро ҳамжамият томонидан юксак транспорт қудратига эга давлат сифатида эътироф этилаётир. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Кенгаш аъзоси сифатида мамлакатлараро юк ва йўловчи ташишни янада жадаллаштириш, иқтисодиётимиз тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётгани ана шундан далолат беради.
Мажлисда, шунингдек,  “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О. Раматов сўзга чиқиб, республикамиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар ижросининг самаралари, хусусан, мавжуд тармоқларнинг модернизация қилиниши натижасида соҳада салмоқли ютуқларга эришилганини қайд этди. Бу, аввало, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш, замонавий темир йўлларни қуриш ҳамда мавжудларини электрлаштириш, саноат салоҳиятини янада ошириш жараёнида яққол намоён бўлмоқда.
Анжуманда Кенгашнинг изчил фаолияти туфайли ўтган йиллар мобайнида темир йўллар тармоқларининг техник бирлиги сақлаб қолинган ҳолда, иштирокчи давлатлар темир йўл ташкилотлари ўртасида тариф сиёсатини олиб бориш ва инфратузилмани ривожлантиришга эришилгани айтиб ўтилди. Темир йўл транспорти фаолиятида кузатиладиган турли масалаларни ҳал этиш учун Кенгаш қошида комиссия, ишчи ва эксперт гуруҳлари ташкил қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди.
— Йил бошидан буён Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг пўлат излари орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилди, 14,8 миллион кишига хизмат кўрсатилди, — деди МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгаши раиси О. Белозеров. — Навбатдаги йиғилишимиздан асосий мақсад шуки, бу  кўрсаткичларни янада яхшилашдир. Тўғри, ҳозирги кунда бутун дунёда кузатилаётган молиявий-иқтисодий инқироз темир йўл транспорти соҳасига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Аммо, ўйлайманки, ўзаро ҳамкорлик асосида иш олиб борсак, кутилган натижаларга эришамиз. Нега деганда, ўтган давр мобайнида Кенгаш томонидан йўловчи ва юк ташишнинг халқаро меъёрлари, ҳаракатдаги таркиб эксплуатацияси ҳамда техник воситаларни сақлаш юзасидан Кенгаш таркибидаги органлар томонидан 250 дан ортиқ келишув, қоидалар ва йўриқномалар ишлаб чиқилиб, улар амалиётга муваффақиятли жорий этилмоқда.
Кенгаш кун тартибига кўра, иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, барча йўналишда вагон ва контейнер паркларидан фойдаланишнинг самарадорлигини янада ошириш, ҳаракатдаги таркибнинг хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл транспортининг техник ҳужжатларини тайёрлашда халқаро талабларни жорий этиш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари ўртасида ягона тариф сиёсатини амалга ошириш ҳамда илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Якунда томонлар иштирокида МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгашининг 63-мажлиси қўшма Баённомаси имзоланди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган брифингда эса меҳмонлар Ўзбекистонда Марказий Осиёда илк маротаба юқори тезликда юрувчи поездлар ҳаракати йўлга қўйилгани, 1200 км. узунликда янги темир излар ётқизилгани, 1100 км. масофадаги темир йўллар электрлаштирилганига юқори баҳо бериб, айниқса, “Афросиёб” электропоездининг ҳаракати Қарши шаҳрига қадар етказилгани, бугунги кунда “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли жадал қурилаётгани ва “Самарқанд — Бухоро” темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари изчил олиб борилаётгани катта қизиқиш уйғотганини маълум қилдилар. Шу билан бирга, томонлар йиғилиш давомида кўрилган масалалар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришига катта ишонч билдиришди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn