Ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва қулай инвестициявий муҳит чет эллик сармоядорларнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқиши янада ошишида муҳим ўрин тутмоқда
  • 05 Ноябрь 2015

Ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва қулай инвестициявий муҳит чет эллик сармоядорларнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқиши янада ошишида муҳим ўрин тутмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, 5-6 ноябрь кунлари пойтахтимизда Халқаро инвестициявий форум бўлиб ўтади. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуман иштирокчилари 4 ноябрь куни Хоразм ва Фарғона вилоятларида бўлиб, ҳудудларнинг саноат салоҳияти, сармоявий жозибадорлиги, чет эллик инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий инвестиция компаниялари, жамғармалар, агентликлар, йирик трансмиллий компаниялар вакиллари жойлардаги илғор ишлаб чиқариш объектлари мисолида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланаётганига гувоҳ бўлиб, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканлигини мамнуният билан изҳор қилдилар. Зотан, форумдан кўзланган асосий мақсад ҳам корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш жараёнини янада жадаллаштириш, ички ҳамда ташқи бозорда рақобатдош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, шунингдек, хусусийлаштириш давлат дастурига киритилган субъектларга стратегик инвесторларни жалб қилишдан иборатдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, инвестициялар барқарор ривожланаётган, инвесторларнинг ҳуқуқлари кафолатланган, қисқача айтганда, инвестициявий жозибадор мамлакатгагина йўналтирилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонимизда муҳайё қилинган бўлиб, бу истиқлол йилларида қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш мақсадида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир, албатта.
Қувонарлиси, хорижий сармоялар мамлакатимизнинг марказий ҳудудларидан ташқари, олис минтақаларига ҳам йўналтирилаяпти. Чунки юртимизнинг  барча ҳудудида чет эллик сармоядорларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган қулай шарт-шароит мавжуд. Шундай минтақалардан бири Хоразм вилоятидир. Қадимий, тадбиркору ҳунармандлари билан ном қозонган мазкур ҳудудга хорижликларнинг қизиқиши тобора ортаётганининг боиси ана шунда.
Гап шундаки, Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда рўёбга чиқаришда янги уфқларни очиб берди. Ушбу ҳужжатга кўра, умумий қиймати 462 миллион АҚШ долларилик 253 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлса, ўтган давр ичида 277 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинди. Натижада гидравлик экскаваторлар, бульдозерлар, “Дамас” ва “Орландо” русумли енгил машиналар, маиший газ баллонлари, музлаткич ва совутқичлар, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ҳамда бутловчи буюмлар, полиэтилен қувурлар, спорт инвентарлари сингари импорт ўрнини босувчи ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Халқаро конференция иштирокчилари учун вилоятдаги инвестиция киритиш таклиф этилаётган корхоналар фаолияти билан танишиш асносида саноат тармоқларида кейинги йилларда кузатилаётган шу каби ўзгаришларни кўздан кечириш имконияти яратилди. Дастлаб меҳмонлар Урганч шаҳридаги “Урганч ёғ-мой” акциядорлик жамиятида бўлдилар.
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг бир жиҳати эътиборимни тортди, — дейди Испаниянинг “Flores Valles” компанияси минтақавий менежери Виллиам Музи. — Яъни маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга мўлжалланган лойиҳаларга устувор аҳамият берилар экан. Бу пухта ўйланган ва тўғри йўлдир.
Хоразмда фаолият юритаётган корхоналар билан яқиндан танишгач, юртингизда бошқа соҳалар қаторида озиқ­овқат саноати жадал ривожланаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Бунинг аҳамияти шундаки, биз, аввало, форумга янги ҳамкорлар топиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишдек аниқ мақсадлар билан келганмиз. Хусусан, саноат тармоқларида қўлланиладиган замонавий лаборатория жиҳозлари, озиқ-овқат саноати соҳасида фойдаланиладиган илғор технологик линияларни ишлаб чиқариш ва бундай маҳсулотларни етказиб бериш бўйича яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятидамиз. “Урганч ёғ-мой” корхонаси, ўйлайманки, ҳамкорларимиз сафидан жой эгаллайди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Урганч ёғ-мой” акциядорлик жамияти мамлакатимиз ёғ-мой саноати тизимидаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Бу ерда бир кеча-кундузда 800 тонна чигитни қайта ишлаш орқали 135 тонна ёғ, 50 тонна хўжалик совуни ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Уларнинг сифати юқорилиги боис ташқи бозорда ҳам харидоргир. Жамоа аҳли буни ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида истиқболли инвестициявий лойиҳаларни изчил амалга ошираяпти. Айтайлик, 2011 йилда 4,5 миллион АҚШ долларилик, 2014 йилда бир миллион АҚШ долларилик лойиҳалар рўёбга чиқарилган бўлса, жорий йилда Ҳиндистоннинг “Muez-Hest” компанияси билан ҳамкорликда яна бир йирик лойиҳа жорий этилаяпти. Умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларилик мазкур лойиҳа туфайли саноат учун муҳим хом ашё — дистилланган глицерин тайёрлаш йўлга қўйилади. 
Чет эллик инвесторлар учун тақдим қилинаётган имтиёзлар, айтиш мумкинки, янги ҳамкорлар топиш, уларнинг сармояси иштирокида илғор ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, мавжудларини замон талабларига мос равишда техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда қўл келаяпти. 2008 — 2014 йилларда вилоят иқтисодиётига 4,3 триллион сўмлик инвестициялар жалб қилингани, 157,1 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани бунга мисол бўла олади.
Жорий йилнинг 9 ойида эса вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 337 миллиард сўмлик бир минг 258 та лойиҳа амалга оширилди. Пировардида мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, соҳага тижорат банклари томонидан 390,2 миллиард сўмлик кредит йўналтирилди.
Хорижлик меҳмонлар ташриф буюрган “Урганч экскаватор” акциядорлик жамияти ҳамда унинг қошидаги “UzXCMG” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси юртимизда чет эллик инвесторларга яратиб берилган қулай шарт-шароитларнинг амалий тасдиғидир. Уларда шу йилнинг ўзида 135 та экскаватор ва 62 та бульдозер ишлаб чиқарилгани қувонарли.
— Ўзбекистонда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани иқтисодий ютуқларнинг асосий омили бўлаётганига амин бўлдим, — дейди АҚШнинг “CitiBank” банки вакили Жэсон Зулло. — Бу, табиийки, хорижлик инвесторларнинг назаридан четда қолмаяпти. Ушбу форумга кўплаб мамлакатлардан, нуфузли халқаро ташкилотлар ва компаниялардан вакиллар ташриф буюргани уларнинг Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ниятида эканидан далолатдир. Биз ҳам юртингиз билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришдан манфаатдормиз.
Меҳмонлар давлатимиз раҳбари томонидан 2015 йилнинг 28 апрелида имзоланган “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, икки йил давомида вилоятда хусусийлаштириш кўзда тутилган корхона ва объектлар ҳақида батафсил маълумот олдилар. Шундан сўнг амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишдилар ҳамда Хива шаҳрининг Ичан-қалъа мажмуасини зиёрат қилдилар.
* * *
Юқорида қайд этилганидек, Халқаро инвестициявий форум иштирокчилари Фарғона вилоятида ҳам бўлиб, ҳудуднинг сармоявий жозибадорлигига юқори баҳо бердилар. Бу бежиз эмас. Биргина жорий йилнинг 9 ойида бу ерда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,6 фоиз, шу жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 11,4, чакана товар айланмаси 14,6, қурилиш-пудрат ишлари 11,6, хизмат кўрсатиш 17,4, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоиз ўсди. Саноат соҳасини ривожлантириш ҳамда корхоналарни модернизация ва диверсификация қилиш, янги қувватларни фойдаланишга топшириш ишлари изчил амалга оширилди. Пировардида ўтган даврда умумий қиймати 150,7 миллиард сўмлик 541 лойиҳа рўёбга чиқарилди. Айниқса, Маҳаллийлаштириш дастури асосида рақобатдош, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кўпайгани диққатга сазовор. Вилоятдаги 21 саноат корхонасида 29 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, улар томонидан 36,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрлангани, 208 минг АҚШ долларилик маҳсулот эса экспорт қилингани бунинг тасдиғидир.
Шу билан бирга, тадбиркорликни янада ривожлантириш учун берилаётган имтиёз ҳамда енгилликлар шарофати туфайли жойларда бир минг 767 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, соҳага тижорат банклари томонидан 670 миллиард сўмликдан ортиқ кредитлар ажратилди. Яна бир эътиборли жиҳати, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда хорижий инвестиция иштирокида 12 та қўшма корхона очилди.
Ўз навбатида, вилоят маркази қиёфаси ҳам йилдан-йилга ўзгариб, тобора кўркамлашиб бормоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012 — 2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаяпти.
Меҳмонлар сафар давомида “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятига ташриф буюрдилар. Мазкур корхона бир йилда 450 минг тонна аммиак селитраси, 60 минг тонна азотли фосфор ўғити, 65 минг тонна натрий хлорид ишлаб чиқариш қувватига эга. Хом ашёнинг 85 фоизи эса маҳаллий ресурслар ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, корхонада юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда Франция, Чехия, Голландия каби давлатлардан келтирилиб ўрнатилган илғор техника ҳамда технологиялар қўл келаяпти. Айни пайтда жамият аҳли учта йирик лойиҳа устида иш олиб бормоқда. 2015 — 2020 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳалар ниҳоясига етказилгач, улар нафақат мазкур жамият, балки вилоятнинг инвестициявий имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Гап шундаки, 2015 — 2017 йиллар мобайнида карбамид ва аммиак селитраси тайёрлаш цехларида умумий қиймати 30,48 миллион АҚШ долларилик реконструкция ҳамда модернизация тадбирлари амалга оширилади. 2016 — 2020 йилларда эса маънан эскирган технологияларни замонавийларига алмаштириш учун 67 миллион доллар йўналтирилади. Бундан ташқари, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида 2020 йилгача 10 миллион доллар сарфланади.
— Ўзбекистон — иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётган мамлакат, — дейди Ҳиндистоннинг “Key fee Exports” компанияси ижрочи директори Чоудхуари Сингх. — Айтиш жоизки, бу Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиёт стратегияси ижросининг самарасидир.
Компаниямиз фаолиятига тўхталсак, биз импорт-экспорт операциялари билан шуғулланамиз. Шунинг учун ушбу форумда иштирок этиш, юртингизнинг сармоявий салоҳиятидан батафсил бохабар бўлиш биз учун жуда фойдали. Ана шу эзгу мақсадда Фарғона вилоятида фаолият юритаётган корхоналарни бориб кўрдик. Иқтисодиётнинг реал сектори, жумладан, кимё, озиқ-овқат, қурилиш саноати ушбу ҳудудда жадал равнақ топаётган экан. Масалан, “Фарғонаазот” ОАЖ фаолияти, мазкур жамоанинг истиқболга мўлжалланган режалари менда катта қизиқиш уйғотди. Фикримча, ушбу корхона билан ҳамкорлик қилсак, ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлади. Шундан келиб чиқиб, ҳозирча 12 минг тонна карбамид сотиб олишга қарор қилдик. Форум давомида эса яна кўплаб ана шундай самарали келишувларга эришишимиз, шубҳасиз.
Хорижлик меҳмонлар “Фарғона ёғ-мой” акциядорлик жамияти фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Маълумки, мазкур корхона республикамиз ёғ-мой саноатида ўз ўрнига эга. Бу ерда Германия, Польша, Хитой каби давлатларнинг илғор технологик ускуналари ўрнатилган бўлиб, йилига 126 минг тонна техник чигит қайта ишланади. Ундан олинган ўсимлик ёғининг бир неча тури, хўжалик совуни, майонез ва бошқа маҳсулотлар эса сифат жиҳатидан жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради. Жамият раҳбариятининг айтишича, жорий йилда 1,3 миллиард сўм соф фойда кўриш кутилаяпти. Айни чоғда маҳсулот ҳажмини янада кўпайтириш, сифатини ошириш, таннархини пасайтириш мақсадида 10,8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш кўзда тутилмоқда.
Халқаро анжуман иштирокчилари вилоятдаги инвестиция киритиш таклиф этилаётган яна бир корхона — “Кварц” акциядорлик жамиятида ҳам меҳмон бўлдилар. Бу ерда 2 миллиметрдан 12 миллиметр қалинликкача бўлган ойналар, шиша идишлар, автомобиль ойналари ишлаб чиқарилмоқда.
— Ўзбекистонни тинчлик ва фаровонлик мустаҳкам қарор топган мамлакат сифатида яхши биламиз, — дейди Жанубий Кореянинг “KCC Corporation” компанияси менежери Эндрю Ким. — Бундай ютуқларни қўлга киритишда, аввало, Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим омил бўлаяпти.
Фарғона вилоятига ташрифимиз чоғида бир нечта корхона фаолияти билан танишдик. Уларнинг ҳаммаси замонавий моддий-техника базасига эга. Шунинг учун маҳсулотлари ҳам сифатли.
Сафар давомида, шунингдек, юртингизда хорижлик инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида сўзлаб беришди. Энди ўзингиз айтинг, шундай мамлакатда фаолият юритишни қайси инвестор хоҳламайди, дейсиз?!
Меҳмонлар “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятига ҳам ташриф буюриб, бу ерда ишлаб чиқариш, модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш тадбирлари изчил рўёбга чиқарилаётганига гувоҳ бўлдилар. Хусусан, корхонада хориж технологиялари ёрдамида тайёрланаётган нефть-газ соҳаси учун бутловчи қисмлар, муқобил иситиш қозонлари, юқори босимга чидамли газ сиғимлари, газ баллонлари уларда катта таассурот қолдирди. Негаки, бундай технологияларнинг аксарияти нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда ҳам ягонадир.
— Ўзбекистондек бетакрор, иқтисодиёти эса барқарор ривожланаётган юртда меҳмон бўлганимдан жуда бахтиёрман, — дейди Голландиянинг “ESN” компанияси эксперти Мартин Стайс. — Сабаби, мамлакатингизда сармоявий жозибадорлик мавжудлиги хорижлик ишбилармонларни ўзига мафтун этмоқда. Энергетика соҳаси мутахассиси бўлганим учун “Қўқон механика заводи” АЖ фаолияти билан танишиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томонга ҳам самара келтиришига ишонч ҳосил қилдим. Шу хусусдаги таклифларимни тайёрлаб, компаниямиз раҳбариятига жўнатмоқчиман. Йирик форум асносида эса мамлакатингизнинг бошқа корхоналари билан ҳам алоқа ўрнатиш — пировард мақсадим.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиздаги қулай инвестициявий муҳит, тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар хорижий ҳамкорларнинг эътирофига сазовор бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон билан боғлашга руҳлантирмоқда. Бу эса келгусида янги-янги қувватларни ишга тушириш орқали иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш имконини бериши, шубҳасиздир.

Саид РАҲМОНОВ,
Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn