Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари учрашуви
  • 05 Ноябрь 2015

Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари учрашуви

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 4 ноябрь куни Ўзбекистон — Германия ва Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг навбатдаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, машинасозлик, нефть-газ, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, юқори технологиялар, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, божхона, суғурта ва экспорт-импорт каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон — Германия ишбилармонлар кенгаши раиси Рустам Азимов, «Claas» компанияси бошқаруви аъзоси, Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Ян Хендрик Мор ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳада изчил ривожланиб бораётгани, ушбу анжуман савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан.  Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда давлатларимиз ўртасида икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, капитал киритишга кўмаклашиш ва ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид битимлар имзоланган. Савдо бўйича энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган.   
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2014 йилда қарийб 685 миллион долларни ташкил этган. Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокида савдо, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳаларига ихтисослаштирилган 110 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 40 га яқин етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида Германия банклари иштирокида йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда таъсис этилган ишбилармонлар кенгашлари мамлакатларимиз ўртасидаги серқирра ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Шу йил 25 февралда Берлинда мазкур кенгашларнинг биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда ўтган навбатдаги мажлисда Германия ишбилармонларига мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, инвестиция жалб қилишнинг истиқболли йўналишлари, хусусий мулк ҳимояси ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари тўғрисида маълумот берилди.
Меҳмонлар «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги қулайлик ҳамда имтиёзлар, машинасозлик, енгил саноат, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги имкониятлар билан танишдилар.
— Бизнинг оилавий компания озиқ-овқат саноати, хусусан, мева-сабзавотни қайта ишлаш учун замонавий техника ва ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди Германиянинг «Kronen» компанияси бошқарувчи директори Штефан Цильгит. — Ўзбекистонга ўз маҳсулотларимизни таклиф этгани ҳамда сармоя киритгани келдик. Ушбу мажлис ва Халқаро инвестициявий форум доирасида Ўзбекистон компаниялари билан самарали музокара ўтказиш ҳамда мамлакатингиз ишбилармонлари билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилганмиз.
Анжуманда Германиянинг қатор йирик компаниялари вакиллари иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. Германиянинг «Claas», «Deutsche Kabel», «Кnauf», «МAN», «Lemken», «Siemens», «Commerzbank» каби компаниялари ва молиявий муассасалари вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини янада кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.
Мажлисда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик ҳамкорликни, жумладан, савдо, сармоя, банк сектори, саноат, транспорт ҳамда транспорт коммуникациялари, дори-дармон, енгил саноат, тўқимачилик каби қатор соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга  келишиб олинди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn