Темирйўлчилар тажриба алмашди
  • 05 Ноябрь 2015

Темирйўлчилар тажриба алмашди

Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгашининг 63-мажлиси бошланди.

МДҲга аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти бўйича Кенгаши ва унинг ижроия органи — Кенгаш дирекцияси Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида барқарор иқтисодий алоқаларни таъминлаш мақсадида 1992 йил 14 февралда МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг келишувига биноан ташкил этилган.
Кенгаш темир йўлларнинг эксплуатация фаолияти, юк ташиш вагонлари ва контейнерларидан биргаликда фойдаланиш, йўловчи ва юк ташиш шартлари, халқаро йўналишларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, бажарилган ишлар ва хизматларни ҳисобга олиш ҳамда бунинг учун ўзаро ҳисоб-китоб тизимини ишлаб чиқиш, илмий-техник ҳамкорлик каби масалаларни кўриб чиқади ва ҳал этади.
63-мажлисни МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгаши раиси О. Белозеров очди.
Мажлисда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Ҳамдўстликка аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгашининг аввалги мажлислари доирасида эришилган келишувлар қандай амалга оширилаётганига оид масалалар муҳокама этилди ҳамда шу йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Ўтган даврда Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг пўлат излари орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилгани ва бу қабул қилинган мажбуриятлардан 15 фоиз кўп экани таъкидланди.
Бундан ташқари, ташишлар ўртача масофаси 3,5 фоиз ошгани қайд этилди. Ҳисобот даврида темир йўл маъмуриятлари юкларни ташишда ўзаро ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирди ва мазкур ёрдам ҳажми 3,9 минг вагонни ташкил қилди. Ўтган вақт мобайнида контейнерларда 20 миллион тонна юк ташилди ва бу қабул қилинган мажбуриятлардан 6,1 фоиз кўпдир. 2015 йилнинг тўққиз ойида халқаро йўналишларда хизмат кўрсатилган йўловчилар сони 14,8 миллион кишини ташкил этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси темир йўлларининг ҳисобот давридаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси О. Раматов анжуман иштирокчиларига Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз темир йўллари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон темир йўллари юқори технологияларга асосланган замонавий транспорт тизими бўлиб, бугунги кунда уларнинг узунлиги 6 минг километрдан зиёдни ташкил этади. Шу боис мамлакатимиз Евроосиё транспорт маконида темир йўл орқали ташишни ташкил этиш ва транзит юкларни ташишда халқаро транспорт коридорлари имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутмоқда.
Бундай салмоқли ютуқларга Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган самарали сиёсат туфайли эришилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибидаги қатор йирик саноат корхоналари модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан янгиланиб бораётгани натижасида мамлакатимиз бугун Марказий Осиёда темир йўл транспорти учун мукаммал қурилиш-таъмирлаш базасига эга ягона давлатга айланмоқда.
Масалан, 2013 йилда минтақамизда темир йўл транспорти учун қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқаришда етакчи бўлган қуюв-механика заводида қиймати 150 миллион доллардан ортиқ модернизация ишлари бажарилиб, корхона Германия компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган технологик линиялар билан жиҳозланди. 2020 йилга бориб, корхонада йилига 1200 юк вагони ишлаб чиқариш, 1500 вагонни таъмирлаш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводида замонавий йўловчи ташиш вагонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда бу ерда 120 янги вагон ишлаб чиқарилиб, 735 вагон модернизация қилинди. Бунинг самарасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юк ва йўловчи ташиш вагонларидан МДҲ мамлакатлари темир йўлларида фойдаланилмоқда ва Ўзбекистоннинг темир йўл соҳасидаги технологик ютуқлари намойиш этилаётир.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг темир йўл транспорти бўйича Кенгаши қарорларини ҳаётга татбиқ этиб, бошқа давлатларнинг саноат, илмий ва эксплуатация корхоналари, кадрларни сифатли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув марказлари билан яқин алоқаларни кенгайтирмоқда, МДҲ темир йўл транспорти маъмуриятлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
Туркманистон билан темир йўл соҳасида амалга оширилаётган самарали ишлар бунга ёрқин мисол бўла олади. Икки давлатнинг интеграциялашган пўлат излари нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки бошқа мамлакатлар учун ҳам транзит тизими сифатида хизмат қилаётир. Бундан ташқари, яқинда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Туркманистон темир йўл транспорти вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. 
Беларусь темир йўллари бошлиғи В. Морозов машинасозликни ривожлантириш ва юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатновини ташкил этишда Ўзбекистон тажрибаси эътиборга молик эканини таъкидлади. Хусусан, унинг қайд этишича, “МДҲга аъзо давлатлар темир йўл транспорти бўйича Кенгаши навбатдаги мажлисининг Тошкентда ўтказилиши самарасида мамлакатингизнинг ушбу йўналишдаги ютуқларини ҳар томонлама ўрганиш имконияти пайдо бўлди”.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокиров сўзга чиқди.

М. МАМЕТОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn