Инвестициявий жозибадорлик ва салоҳият
  • 04 Ноябрь 2015

Инвестициявий жозибадорлик ва салоҳият

Енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланаётган етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Заминимизда етиштирилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажми йил сайин кўпайиб, ички ва ташқи бозорга юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берилаётгани, жумладан, бугунги кунда мазкур тармоқнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3,8 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 26,2 фоизни, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари тайёрлашда 44 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани бунинг тасдиғидир.

Тошкент шаҳрида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан уюштирилган анжуманда соҳада қўлга киритилаётган ана шу каби ютуқлар билан бирга, галдаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, жамият томонидан соҳага чет эл инвестициялари ва технологияларини жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга устувор аҳамият берилмоқда. Бу жараёнда давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида хорижлик инвесторларга имтиёзлар тақдим этилаётгани кучли рағбатлантирувчи омил бўлаётир.
Натижада тармоққа 2,2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя жалб этилиб, 180 дан зиёд инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди.
Анжуманда фойдаланишга топширилган янги қувватлар ҳақида маълумот берилар экан, уларда замонавий ва юқори унумли технологияларнинг жорий этилаётгани юртимиз экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Чиндан ҳам, табиий пахта толасидан харидорлар дидига мос равишда тайёрланаётган трикотаж ва тикувчилик маҳсулотларига ташқи бозорда ҳам талаб тобора ортмоқда. Мустақиллик йилларида экспорт ҳажми 120 баробар ўсиб, 2014 йил якуни бўйича 1 миллиард долларни ташкил қилгани шундай дейишга асос бўлади. Ваҳолонки, 1991 йилда чет эллик буюртмачиларга 7 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган эди холос. Бу Президентимиз ташаббуси билан истиқлол йилларида енгил саноатимиз изчил ислоҳ қилиниб, кўплаб замонавий корхоналар ишга туширилгани, мавжудлари тубдан модернизация қилинаётгани самарасидир, албатта.    
Қувонарлиси, бу борадаги ишлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида умумий қиймати 124,4 миллион долларни, экспорт салоҳияти 51,9 миллион долларни ташкил этадиган 23 та корхона фойдаланишга топширилди.
Тадбирда, шунингдек, 2020 йилгача бўлган даврда соҳада чет эллик инвесторлар иштирокида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар, жаҳон бозори талабларидан келиб чиқиб, янги газламалар ва маҳсулотлар тайёрлаш, либосларнинг янги дизайни ҳамда моделларини яратиш, синтетик тола ва калава ип ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Буларнинг барчаси республикамиз экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиши муқаррар.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn