Маҳорат ва амалиёт
  • 03 Ноябрь 2015

Маҳорат ва амалиёт

Ғиждувон туманида “Тransкаsb” корхоналар уюшмасининг республика семинари бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда мазкур уюшма тизимида 17 та масъулияти чекланган жамият, 50 дан ортиқ шуъба корхона фаолият кўрсатаяпти. Унинг зиммасига давлат таълим муассасалари ва ташкилотлар қаторида, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш вазифаси юклатилган.
— Тизим моддий-техника базаси йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда, — дейди ушбу уюшма кенгаши раиси Р. Юсупов. — Ўқув хоналарини замонавий кўргазмали воситалар билан жиҳозлаш, ўқитиш жараёнига илғор педагогик технологияларни татбиқ этиш, автосарой таркибини автомобиллар билан янгилаш каби ишлар ана шулар жумласидандир. Масалан, жорий йилнинг тўққиз ойида корхоналаримиз томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 60 та автоулов сотиб олинди. Жойларда замонавий мультимедиа воситалари билан жиҳозланган ахборот-ресурс марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ўқув хоналарига дарс сифати, шунингдек, автомобилларда амалий машғулотлар жараёнини кузатиб бориш имконини берувчи илғор ускуналар ўрнатилди.
Ҳайдовчилик маҳорати амалиёт орқали шаклланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, уюшма корхоналарида автотренажёрлар, замонавий автодромлар ташкил этилаётир. Бу каби чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Шу йилнинг январь — сентябрь ойларида уюшма ўқув муассасалари томонидан жами ўттиз минг нафардан зиёд  турли тоифадаги ҳайдовчилар тайёрланди.
Семинарда амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилар экан, тадбирнинг ўиждувонда ўтказилиши бежиз эмаслиги қайд этилди. Гап шундаки, ҳудуддаги “ўиждувонавтоустоз” ўқув корхонасида малакали ҳайдовчилар тайёрлаш борасида бой тажриба тўпланган. Бу маскандаги ўқув жараёни, тизимга дахлдор давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик натижалари тўпланганларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир доирасида ушбу ўқув корхонасининг янги биноси очилиш маросими ўтказилди. Иншоотда халқ хўжалиги учун малакали ҳайдовчи кадрлар тайёрлаш учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, таълим жараёнига замонавий ахборот технологиялари жорий этилган. Маскан  жамоаси бир пайтнинг ўзида 250 нафар тингловчини турли тоифадаги ҳайдовчиликка ўқита олади.
Семинарда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тавсиялар берилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn