Иқтисодий масалалар муҳокамаси
  • 26 Октябрь 2015

Иқтисодий масалалар муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Депутатлар парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган масалаларни кўриб чиқишди. Чунончи, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, уларнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида долзарбдир. Қонун лойиҳалари амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизи янада такомиллашишига, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бундан-да таъсирчан бўлишига хизмат қилади.
Йиғилиш иштирокчилари масъул қўмиталар томонидан қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига иккинчи ўқишга киритиш тўғрисидаги таклифларини партия дастурлари ва электорат фикрларини ҳисобга олган ҳолда қўллаб-қувватлашди.
— Қизғин мунозара жараёнида биз “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳар томонлама кўриб чиқдик, — дея таъкидлади Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Э. Шукуров. — Фракциямиз аъзоларининг фикрича, корпоратив бошқарув тизимининг тараққий этиши тадбиркорлик соҳасидаги фаолликни рағбатлантириш самарадорлигини янада оширишга шароит яратади. Акциядорлар умумий йиғилишида жамият ривожланиши муайян стратегиясини тасдиқлаш тартиби белгиланиши, ижро этувчи орган ва кузатув кенгашининг ҳисоботи мунтазам равишда эшитилиши акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тараққиётига ҳамда жамият миноритар акциядорларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
— Фракциямиз “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши корпоратив бошқарувда янги ёндашувларнинг ҳуқуқий асосларини жорий қилиш ҳамда бизнес юритиш бўйича ягона тартиб-қоидаларни белгилаш, уларнинг ижро этилиши меъёрлари ва механизмлари бир хиллигини, акциядорлик жамиятларида корпоратив бош-қарув муносабатларини тартибга солиш тизими тўлалигини таъминлаш имконини беради, деб ҳисоблайди, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Ж. Ниязова. — Қонун лойиҳасида эндиликда акциядорлик жамияти ижро органининг раҳбарини тайинлаш бўйича ўтказиладиган танловда хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган норма кўзда тутилмоқда. Ушбу фаолиятдан олинган даромадлар солиққа тортилмаслиги билан бирга, уларга муайян имтиёз ва преференциялар тақдим этилаяпти. Шунингдек, акциядорлик жамиятлари хорижий ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди билан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан озод этилади. Умуман олганда, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши хорижий инвестициялар жалб қилинишига, қўшма корхоналар ташкил этилишига, саноат корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига илғор технологияларни жорий қилиш, уларни доимий равишда модерниза-циялаш ҳисобига рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилишига имкон яратади.
Фракция йиғилишларида депутатлар масъул қўмита томонидан биринчи ўқишга тайёрланган янги таҳрирдаги “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.
Йиғилиш иштирокчилари қайд этганидек, бугунги кунда мамлакатимиз биржалари қатор муҳим иқтисодий вазифаларни ҳал қилиб келмоқда. Жумладан, улар бозор нархларини холислик билан шакллантириш, котировкалаш, бозор шароитида нарх ўзгаришлари -эҳтимоли ва хатарлардан ишончли суғурталашда муҳим роль ўйнаяпти. Бу биржа механизмлари кўмагида таъминланади. Шу боис улар қонунчилик даражасида ҳар томонлама муҳокама қилиниши ва тартибга солиниши лозим. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси эса айнан шунга қаратилган.
— Мазкур ҳужжат мамлакатимиз биржалари фаолиятини ҳамда хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, — дея таъкидлади Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси У. Саматов. — Унда биржа фаолиятини тартибга солувчи омиллар, хусусан, биржа савдолари, биржа аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, биржа савдоларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда уларнинг натижаларини эълон қилиш тартиблари, биржа шартномалари бўйича кафолатларни таъминлаш механизмлари ўз аксини топган. Фракциямиз, шунингдек, биржа жараёнига, чунончи, нархни шакллантириш, нархлашдаги тенденциялар таҳлил қилиниши ва шаффофлигини таъминлаш, талаб ҳамда таклифларни мувофиқлаштириш, нархлардаги ўзгаришларни суғурталаш, савдо активлари инвестициявий жозибадорлигини ошириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Мазкур қонун лойиҳаси нархлаш холислигини, корхоналар фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича дастурий вазифаларга жавоб беради, ҳуқуқий меъёрларнинг мавжуд зиддиятини бартараф этишга имкон яратади.
Муҳокамалар якуни бўйича сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи ҳар бир кўриб чиқилган масала юзасидан ўз нуқтаи назарини ишлаб чиқди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn