Ўзаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси
  • 20 Октябрь 2015

Ўзаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси

Тошкент шаҳрида “Кичик бизнес ускуналари ва маҳсулотлари” еттинчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида “Expocontact” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда юртимиз ишбилармонлари билан бир қаторда, Хитой Халқ Республикасининг 40 га яқин компаниялари ўз маҳсулотлари билан қатнашди.

Халқаро кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни йўлга қўйиш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилган. Натижада кичик бизнес субъектлари сони йил сайин кўпайиб, пировардида улар ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш, шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш, турмуш фаровонлигини оширишда ҳал қилувчи кучга айланмоқда.
Айниқса, соҳа вакилларига кўпроқ эркинлик берилиб, қўшимча имтиёз-
лар тақдим этилаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда. Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини бошлаб берди.
Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат асосида ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар туфайли кичик бизнес вакиллари эмин-эркин фаолият кўрсатиб, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида юқори кўрсаткичларни қўлга киритишаётир. Кўргазмада намойиш этилган маҳсулотлар билан яқиндан танишганлар бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар. Сабаби, ундан ўрин олган қурилиш материаллари, кимё, озиқ-овқат саноати, муқобил энергия манбалари учун ускуна ва жиҳозлар, қўшимча қийматга эга саноат маҳсулотлари ўзининг юқори сифати билан барчага манзур бўлди.
— Кўргазмада иштирок этиб, юртингиз иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётганига яқиндан гувоҳ бўлдим, — дейди хитойлик тадбиркор Жижонг Ли. — Давлатингиз раҳбари томонидан кичик бизнес равнақига қаратилаётган эътибор, чет эллик ҳамкорларга берилаётган имтиёзлар диққатга сазовор.
Шу боис биз Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Бизнинг компаниямиз кир ювиш машиналари, музлаткичлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Тадбир давомида нафақат маҳсулотларимиз савдоси бўйича, балки шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан ҳам музокаралар олиб бордик. Бу тез орада ўзининг амалий самараларини беришига ишончим комил.    
Ташкилотчиларнинг айтишича, кўргазмага хитойлик тадбиркорларнинг таклиф этилиши бежиз эмас, албатта. Чунки Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги тенг манфаатли алоқалар турли йўналишлар, жумладан, иқтисодиёт, савдо-саноат соҳаларида изчил ривожланмоқда. Юртимизда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган корхоналар сони 582 тага етгани, Хитойнинг етмишдан ортиқ компанияси ўз ваколатхонасини очгани бунинг яққол далилидир.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилаётгани савдо-саноат жабҳасида ҳамкорлик жадал ривожланишини таъминлаяпти. 2007 — 2014 йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 баробардан кўпроқ ўсиб, ўтган йили 4,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад ҳам тадбиркорлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, бизнес фаолиятини бошлаётган ишбилармонларга замонавий ускуна ва жиҳозларни тақдим этиш, ҳамкорлар топишда яқиндан кўмаклашишдир. Шу маънода, уч кун давом этган тадбирда юртимиз ҳамда хитойлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш қилиш билан бирга, ўзаро тажриба алмашиш, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга муваффақ бўлгани қувонарлидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn