Жаҳон пахта бозорининг энг муҳим тадбири
  • 16 Октябрь 2015

Жаҳон пахта бозорининг энг муҳим тадбири

Кеча Тошкент шаҳрида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўн биринчи марта ўтказилаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг энг муҳим тадбирлари реестрига киритилган ушбу анжуман дунё пахта ва тўқимачилик саноати мутахассислари, олимлар, йирик енгил саноат корхоналари ва савдо компаниялари вакиллари орзиқиб кутадиган нуфузли форумлардан бири ҳисобланади. Сабаби, ярмарка қатнашчилари икки кун давомида ялпи мажлис ва давра суҳбатларида иштирок этиб, жаҳон пахта бозорининг бугунги ҳолати ҳамда унинг истиқболларини муҳокама қилиш баробарида, Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Энг асосийси, биржа савдоларида қатнашиш, юқори сифатли ўзбек пахта толаси ва ундан тайёрланган рақобатдош тўқимачилик маҳсулотларининг олди-сотдиси бўйича тўғридан-тўғри савдо битимлари тузишга эришади. Шунинг учун ҳам, тадбир нуфузи ортиб, унга бўлган қизиқиш тобора кучаймоқда. Унда иштирок этаётган давлатлар жуғрофияси ҳам, ташриф буюраётган бизнес тузилмалари вакиллари сони ҳам муттасил ошиб бораётгани шундай дейишимизга асос бўла олади. Агар 2005 йилда бўлиб ўтган дастлабки ярмаркага жаҳоннинг 30 давлатидан 170 та компания ва фирма вакиллари ташриф буюрган бўлса, бу йилгисида 40 та мамлакатнинг 1000 дан зиёд компаниялари намояндалари қатнашаётгани назарда тутилса, ярмарка жаҳон пахта бозорининг энг муҳим анжуманига айланганини билиш қийин эмас.
XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар алоҳида қайд этганидек, мамлакатимиз пахта етиштириш ва уни экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи давлатлар сафидан мустаҳкам жой эгаллаган. Зеро, пишиқ толамиз, ундан тайёрланаётган маҳсулотларимизга бўлган талаб тобора ортиб бораяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки пахтачилик тармоғида бой тажрибага эга юртимизда сифатли хом ашё етиштириш, уни қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш бўйича мукаммал тизим шакллантирилган.
Шу билан бирга, тўғри экспорт сиёсати юритилиб, барча харидорларга тенг имконият яратилмоқда. Пировардида ҳамкорлар сафи йил сайин кенгайиб, қўлга киритилаётган муваффақиятлар янада мустаҳкамланаётир. 2014 йилнинг якунларига кўра, 1 миллиард АҚШ долларилик қўшимча қийматга эга тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилингани бунинг тасдиғидир.
— Кейинги йилларда жаҳон бозоридаги талаб-таклифдан келиб чиққан ҳолда, пахта толасининг баҳоси ўзгариб турган бир шароитда ўзбек толасига бўлган эҳтиёжнинг муттасил ўсиб бораётгани эътиборга молик, — дейди “Cotton Outlook” халқаро ахборот агентлигининг бошқарувчи директори Р. Батлер. — Бу борада аллақачон соҳадаги муҳим воқеликлардан бирига айланган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси юқори савияда ташкил этиб келинаётгани муҳим омил бўлмоқда. Ярмаркада шартнома тузиш, етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай чекловнинг мавжуд эмаслиги эса савдоларнинг самарали бўлишини таъминлаяпти.
Таҳлилларга қараганда, Ўзбекистонда кейинги йилларда кўплаб замонавий тўқимачилик корхоналари барпо этилиб, хом ашёни шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Натижада ҳозирги пайтда етиштирилган ялпи ҳосилнинг 40 фоиздан зиёди маҳаллий корхоналарда қайта ишланаяпти. Ваҳолонки, ўтган яқин йиллар ичида бу кўрсаткич 20 фоизга тенг эди. 
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган тузилмавий ислоҳотлар, хусусан, республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам янги қувватлар ишга туширилаётгани, мавжудлари тубдан модернизация қилинаётгани туфайли толани чуқур қайта ишлаш ҳажми муттасил равишда ортмоқда. Эътиборлиси, бу борадаги ишлар кўлами тобора кенгайтирилмоқда. Сабаби, яқин йиллар ичида пахта ҳосилининг 70 фоизини қайта ишлашга эришишимиз лозим.
Юқори сифат кўрсаткичлари билан ном қозонган толамизга халқаро бозорда ҳам талаб жуда катта. Буни савдолар фаоллашган ҳозирги пайтда юртимизга ташриф буюраётган тўқимачилик компаниялари сони тобора кўпаяётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур жараёнда эса асосий эътибор харидорларга сифатли тола тақдим қилишга қаратилаётир. Бунинг учун, аввало, ғўзанинг истиқболли навларини яратиш, экин парваришига илм-фан ва техника ютуқлари, замонавий технологияларни изчил жорий қилиш, қайта ишлаш тизимини тубдан модернизациялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти.
— Бу йилги мавсумда дунёнинг кўплаб давлатларида пахта етиштириш ҳажми пасайиши кузатилмоқда, — дейди Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг бошқарувчи директори Ж. Ситте. — Шундай мураккаб бир шароитда Ўзбекистонда пахта етиштиришнинг  барқарор юқори суръатлари сақланиб қолингани диққатга сазовор. Бу йилги ҳосилнинг 98 фоизи олий ва биринчи навларга қабул қилингани бунинг исботидир. Чет эллик мутахассислар қизиқишининг боиси ана шунда.
Пахта толаси бизнесининг марказига айланган Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқларнинг кўплаб омиллари бор. Улардан бири ғўза селекциясига давлат миқёсида жиддий эътибор қаратилиб, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилганидир. Бунинг натижасида кейинги йилларда яратилган ғўза навлари техник кўрсаткичларининг устунлиги билан халқаро миқёсда тан олинмоқда.
Чиндан ҳам, истиқлол йилларида “Уруғчилик тўғрисида”ги ва “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг изчил ижроси таъминланаётгани ғўза селекцияси ва уруғчилиги ишлари ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Нега деганда, ушбу ҳужжатларга биноан, илмий муассасаларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, илмий тадқиқот ишларини юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, малакали кадрлар тайёрлаш ва ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Бу эса кутилган самараларни бераётир. 24 йиллик мустақил тараққиётимиз даврида селекционер олимлар томонидан ғўзанинг 112 та янги нави яратилгани, улардан 30 таси давлат реестрига киритилиб, асосий майдонларда парваришланаётгани шулар жумласидандир. Улар ҳосилдорлиги, эртапишарлиги, толасининг ранги, пишиқлиги, микронейри, шунингдек, бошқа техник кўрсаткичларининг халқаро андозаларга тўла жавоб бериши билан алоҳида ажралиб туради.    
Маълумки, кейинги йилларда шу каби қимматли белгиларни ўзида мужассамлаштирган, айни чоғда экстремал шароитлар, яъни гармсел, сувсизлик, шўрланиш ҳамда сув ва шамол эрозиясига бардошли ғўза навларига бўлган талаб тобора кучаймоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, ғўзанинг янги ва истиқболли навларини яратиш юзасидан илмий тадқиқотлар изчил давом эттирилаяпти. Геномика ва биоинформатика маркази томонидан ишлаб чиқилган янги генлар нокаути технологияси асосида яратилган ғўзанинг “Порлоқ” навлари ана шундай изланишлар мевасидир.
Мутахассисларнинг қайд этишича, тола баҳосини белгилашда сифат энг бирламчи кўрсаткич ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги пахта тозалаш корхоналари модернизация қилиниб, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмалар жалб этилаётир. Пировардида 2005 — 2011 йиллар давомида пахта тозалаш корхоналарининг ярмидан кўпроғида модернизация-реконструкциялаш лойиҳалари муваффақиятли бажарилди. Навбатдаги босқич, яъни 2015 — 2020 йилларда эса яна 50 та пахта тозалаш заводида реконструкция ишлари олиб борилади. Жумладан, жорий йилда тасдиқланган инвестиция дастури доирасида Манғит, Музработ, Боғот пахта тозалаш корхоналаридаги эскирган технологик ускуна ва жиҳозлар замонавийларига алмаштирилади.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараларидан яна бири қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми муттасил кўпайиб бораётганидир. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Гап шундаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2014 йилгача бўлган даврда тўқимачилик саноатига 800 миллион доллардан ортиқ инвестиция жалб этилди. Бунинг эвазига қарийб 150 та янги корхона фойдаланишга топширилиб, мавжудлари модернизация қилинди. Натижада фақатгина янги саноат корхоналарининг ўзида йилига 670 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш йўлга қўйилди. Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи, яъни 2015 — 2019 йилларда эса умумий ҳажми 918 миллион долларга тенг бўлган 77 та янги корхонанинг ишга туширилиши мўлжалланаяпти.   
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда республикамизда 3000 та енгил саноат корхонаси рўйхатга олинган бўлса, шунинг 300 таси “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик компанияси тизимига қарашли. Уларда ишлаб чиқарилаётган турфа хилдаги тайёр кийим-кечаклар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан дунёнинг 55 дан ортиқ мамлакатларига етказиб берилаяпти. Табиийки, бу жараёнда Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси муҳим бозор вазифасини ўтаётир.
Ярмарка доирасида ўтказилган ялпи мажлисларда Ўзбекистонда қўлга киритилаётган шу каби муваффақиятлар алоҳида таъкидланиб, буларнинг барчаси ўзбек толасининг жаҳон бозоридаги мавқеини ошириш, тўқимачилик маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлаш, ҳамкорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. 
Куннинг иккинчи ярмида халқаро ярмарка иштирокчилари эътиборига “Ўзэкспомарказ” мажмуи павильонларида ўзбек пахта толаси намуналари ва кенг ассортиментдаги тўқимачилик маҳсулотлари намойиш қилинди. Чет эллик харидорларга шу ернинг ўзида танланган туркумни сотиб олиш юзасидан шартнома тузиш, маҳсулотни етказиб бериш масаласини ҳал этиш учун барча шарт-шароит муҳайё қилингани айни муддао бўлди.
Тола намуналари билан яқиндан танишган мутахассислар ўзбек пахта толаси асосий кўрсаткичлари билан бирга, HVI тизимида аниқланган қўшимча кўрсаткичлари бўйича ҳам харидорлар талабларига мос эканлигини эътироф этдилар. Бинобарин, юртимизда ишлаб чиқарилаётган тола ва момиққа оид тойма-той сифат кўрсаткичлари бўйича сўнгги тавсифлар Бремен пахта ассоциацияси ва Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг аъзоси — “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан HVI тизимлари замонавий ускуналаридан фойдаланган ҳолда берилди.    
Ушбу мукаммал синов тизими натижалари ўзбек пахта толаси сифати йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини кўрсатмоқда. 2014 йилда ишлаб чиқарилган тола таркибида юқори навларнинг улуши  91 фоизга яқин бўлиб, 4-5 навларнинг улуши атиги 5 фоизни ташкил қилди. Бундан ташқари, толанинг тозалигини ифодаловчи синф кўрсаткичлари ҳам яхшиланаяпти. Чунончи, “Биринчи” ва “Иккинчи” навларда “Олий” ва “Яхши” синфларнинг улуши 95,6 фоизга етди. Бу кўрсаткич 2005 йилдагига таққосланганда 28,6 фоиз кўпдир.
Кўргазма залларида 100 га яқин маҳаллий корхоналарда кейинги йилларда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари  кенг намойиш қилинаётир. Айниқса, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси қошидаги “Шарқ либослари” дизайнерлик маркази ҳамда “Осиё рамзи” модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси томонидан яратилган либослар намойиши шоу тусини олди. Буни яқиндан кузатган чет эллик меҳмонлар Ўзбекистонда тўқимачилик саноати жадал тараққий этиб бораётгани, жаҳон подиумларига чиқа оладиган сара либослар дизайнлари пайдо бўлаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдилар. 
Мухтасар айтганда, дунёнинг тўқимачилик ва енгил саноати тараққий этаётган давлатлари борки, уларнинг вакиллари яна Тошкентда ҳозир бўлдилар. Зотан, жаҳон пахта ҳамжамиятининг энг муҳим ва аҳамиятли тадбирларидан бири — XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси пахта толасини экспорт қилишнинг бозор механизмларини янада такомиллаштириш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва хорижий харидорлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни бундан-да мустаҳкамлашга хизмат қилиши муқаррардир. 
XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

«Мамлакатингизнинг пахта ва тўқимачилик саноати салоҳияти йилдан-йилга ошиб бормоқда»

Геральд ГОНСКА,
“Saurer Schlafhorst” компанияси менежери (Германия):
— Бу йилги Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси барча иштирокчилар учун самарали бўлиши аниқ. Боиси, ушбу нуфузли форум дастури билан танишиб чиққач, мамлакатингизда қишлоқ хўжалиги ҳамда енгил саноатнинг муҳим тармоқлари салоҳиятидан хабардор бўлиш, инфратузилма объектларини бевосита бориб кўриш имконияти яратиб берилишига комил ишонч ҳосил қилдим. Бу эса барча халқаро компаниялар қаторида биз учун ҳам жуда муҳимдир.
Корхонамиз тўқимачилик ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилгани учун ярмарка асносида бир қатор келишувларга эришишни мўлжаллаяпмиз. 

Пракаш КЕЖИРВАЛ,
“Indorama Co. Pte Ltd.” компанияси директори (Сингапур):
— Ўзбек пахта толасининг сифати аъло даражада. Шу боис мамлакатингиз бу соҳада дунёда пешқадамлар сафида. Қолаверса, юртингизда логистика тизими, терминаллар тармоғи ҳам мустаҳкам моддий-техник базага эга. Бу, табиийки, биз, бизнес вакилларига пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларини зарур миқдорда харид қилишимиз учун ишончли кафолатдир. Ярмарка ташкилотчилари эса бизга истиқболли бизнес-режаларимизни амалга ошириш, мамлакатингизнинг иқтисодий-ижтимоий ютуқлари, диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш учун барча шарт-шароитни яратиб бермоқда. Бунинг учун уларга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Хеон Таэ ЧО,
Сунгсил университети профессори (Жанубий Корея):
— Ўзбекистонда иккинчи бор бўлишим. Ҳар гал келганимда,  бу ердаги ўзгаришларни кўриб, ҳайратга тушаман. Бетакрор табиат, меҳмондўст халқ, уларнинг юз-кўзидаги самимият, пойтахтингизнинг замонавий қиёфаси — барча-барчаси бизда алоҳида таассурот уйғотади. Юртингизда етиштирилган пахта хом ашёсига келсак, у сифатлилиги, саноатбоплиги билан ажралиб туради. Муҳими, ундан энг нозиктаъб мижозларга ҳам манзур бўладиган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин.
Бу, албатта, серҳосил ғўза навлари яратилаётгани, селекция ишлари пухта йўлга қўйилгани, илмий тадқиқот институтларини ривожлантириш, соҳадаги изланишларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётгани натижасидир. Айниқса, давлатингиз раҳбари томонидан фермерлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, пахтани қайта ишлаш саноати, муҳим транспорт коридорлари жадал тараққий этаётгани юртингиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Питер ШАФФЛЮЦЕЛ,
“Swiss capital international group” компанияси ижрочи директори (Швейцария):
— XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иштирокчиларга ўзбек пахта толасининг ноёб хусусиятлари ҳақида янада кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Нега деганда, юртингизда уни ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар сони йил сайин кўпаймоқда. Уларнинг орасида юқори технологияларга асосланган “UzTex Tashkent”, “Uztex Shovot”, “Shovot Textile”,  “Uztex Chirchik”, “Eurotex Global” каби субъектлар борки, биз уларнинг таъсисчиларидан бири бўлганимиздан беҳад мамнунмиз. Чунки улар томонидан тайёрланаётган калава ип, кийим-кечак ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотлари мамлакатингизда экспорт амалиётини чуқурлаштиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.
Ярмарка доирасида ўтказилган шуъба йиғилишларида тўқимачилик соҳасида истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, инновациялардан унумли фойдаланишга оид маърузамни тинглаганларга шулар ҳақида гапириб бердим.

Масъуд РАНА,
“RMT Textile Mills Ltd.” компанияси бошқарувчи директори (Бангладеш):
—  Мазкур ярмаркада мунтазам равишда қатнашиб келаяпман. Шундай бўлса-да, у ҳар гал мен учун кўплаб янгиликлар беради. Масалан, бу сафар биринчи кунданоқ ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва самимиятини янада чуқурроқ ҳис этдим. Нуфузли тадбир давомида  эса пахта хом ашёсини омборда сақлаш, қайта ишлаш, сертификатлаштириш, суғурталаш, терминал, транзит ва логистика тизими, толани сотиш жараёни билан яқиндан танишамиз. Бу эса мамлакатингизда халқаро андозаларга тўлиқ мос келувчи тўқимачилик инфратузилмаси яратилганига яна бир бор гувоҳ бўлишимиз учун қулай имкониятдир. 
Корхонамиз йилига 15-20 минг тоннагача пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга. Бу йилги ярмаркада Ўзбекистондан беш минг тоннага яқин ана шундай хом ашёни харид қилишни режалаштирганмиз.

«Халқ сўзи» мухбирлари
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ ва
Саиджон  МАХСУМОВ ёзиб олди.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn