Француз сайёҳлик компаниялари: «Барча эътиборимизни Ўзбекистонга қаратишга қарор қилдик»
  • 16 Октябрь 2015

Француз сайёҳлик компаниялари: «Барча эътиборимизни Ўзбекистонга қаратишга қарор қилдик»

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Мазкур тармоқ тараққиёти республикамизнинг қулай жуғрофий жойлашуви, иқлими ва табиий ресурслари, шунингдек, халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистон сайёҳлик брендини жаҳонга машҳур қилишнинг самарали усулларидан бири хорижда ўтказилаётган халқаро сайёҳлик кўргазмаларида иштирок этиш ҳисобланади.
Бу сингари йирик нуфузли тадбирлардан бири яқинда Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Нуфузли “Top Resa — 2015” ХХХVII халқаро сайёҳлик кўргазмасида дунёнинг ўнлаб мамлакатидан сайёҳлик бошқармалари, меҳмонхоналар, сайёҳлик операторлари ва авиакомпаниялар вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, шунингдек, юртимиздаги қатор сайёҳлик операторлари ўрин олди. Бетакрор анъанавий услубда безатилган миллий павильонимизда меҳмонлар мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Гвенаэль Ле МОАЛ,
“Terre d’Escales” компаниясининг харидлар бўйича директори:
— Компаниямиз Осиё йўналиши бўйлаб индивидуал саёҳатларни уюштиришга ихтисослаштирилган. Ҳозирги пайтда биз бор эътиборимизни Ўзбекистонга қаратишга қарор қилдик. “Ўзбектуризм” Миллий компанияси томонидан ташкил этилган “Мега-инфо-тур” дастури орқали яқинда мамлакатингизга бориш ҳамда бетакрор тарихий обидаларни бевосита томоша қилиш шарафига муяссар бўлдим.
Юртингизга ташрифим чоғида ажойиб табиат манзаралари билан бир қаторда, буюк тарихий-меъморий ёдгорликлар мени ҳайратда қолдирди. Мазкур саёҳатдан унутилмас таассуротлар олдим.
Сайёҳликнинг Ўзбекистон йўналиши истиқболига ишонч билан қарайман. Бугун мижозларимизнинг аксарияти айнан сизнинг мамлакатингизга бориш иштиёқида. Чунки мазкур саёҳат чоғида улар нафақат қадимий архитектура санъати гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари, балки дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстликни ҳис қилган ҳолда, миллий таомлардан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлишлари мумкин.

Линда БИДОН,
“Avita Voyages” компанияси директори:
— Ўзбекистон европаликларни доимо ўзига ром этиб келган Буюк Ипак йўлининг муҳим ажралмас қисмларидан бири.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси орқали тўғридан-тўғри қатнов билан франциялик сайёҳларни Тошкент ёки Урганч шаҳарларига юбориш имконияти туғилганидан беҳад мамнунмиз. Қолаверса, юртингиз авиакомпанияси амал қилиб келаётган “хавфсизлик, барқарорлик, қулайлик” шиори бизга жуда маъқул.
“Top Resa — 2015” кўргазмасида мамлакатимиз делегацияси вакилларининг ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ўтказган учрашувлари юртингиз сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш имконини берди.

«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn