Уч минг киши иш билан таъминланди
  • 16 Октябрь 2015

Уч минг киши иш билан таъминланди

Олтинсой туманида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Мазкур тадбирда 60 дан зиёд ташкилот ва корхоналар 327 та бўш иш ўрни билан қатнашди.

— Юртимизда биз, ёшларнинг замон талаблари даражасида билим ҳамда касб-ҳунар эгаллашимиз учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди Олтинсой педагогика коллежи битирувчиси Гулмира Аҳророва. — Мен ҳам ушбу меҳнат бозорида иштирок этиб, туманимиздаги 39-умумтаълим мактаби жамоаси сафига қабул қилиндим.
Тадбирда 100 нафар кишига доимий ишлаш учун йўлланма берилди. Шунингдек, ярмарка доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ўтказилди.
— Жорий йилда туманимизда саноат корхоналари ташкил этиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш юзасидан 80 га яқин лойиҳа рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунгача шундан элликка яқини амалга оширилди, — дейди Олтинсой тумани Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари Баҳодир Тоғаев. — Пировардида 3 минг кишининг бандлиги таъминланди. Уларнинг асосий қисмини коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар ташкил этади.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn