Ҳамкорлик истиқболлари
  • 16 Октябрь 2015

Ҳамкорлик истиқболлари

Наманганда Жаҳон банки ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси масалаларига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси эксперт ва мутахассислари республикамиз иқтисодиётидаги барқарор ўсиш суръатларини юқори баҳолаб, бунда давлатимиз томонидан барча соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бунда, айниқса, Жаҳон банки гуруҳи томонидан 2012 —2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси асосида юртимизда инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиётнинг  реал секторини қўллаб-қувватлаш, диверсификациялаш ва бошқа устувор вазифалар ижроси учун ажратилган сармоялар ўз самарасини бераётир.
Тадбир чоғида халқаро миқёсда юксак нуфузга эга бўлган мазкур молия институти ва республикамиз ҳамкорлигида кейинги йилларда амалга оширилган йирик лойиҳалар натижалари ҳақида сўз юритилиб, келгусидаги режаларнинг асосий йўналишлари тақдим этилди.   
— Дарҳақиқат, бугунги тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити халқаро молия  институтлари билан ўрнатилган алоқаларнинг изчил ривожига кенг йўл очмоқда, — дейди Наманган шаҳридаги “Медиксервис” кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари Мирзоҳид Аҳмедов. — Зеро, мақсадли сармоялар, жумладан, банк кредитларининг йирик  ва истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги ўрни ҳамда аҳамияти нақадар катта эканлигини бугун замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Мисол учун, биз молиявий муассасанинг 600 миллион сўмлик кредити ва чет эл инвесторининг 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармоясидан фойдаланиб, тиббий диагностика марказини ишга туширдик. Энг илғор тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган марказда юздан ортиқ иш ўринлари, аҳолига юқори малакали диагностика хизмати кўрсатишнинг қўшимча имкониятлари юзага келди.
Ҳозирги кунда  навбатдаги лойиҳа — 400 ўринли шифохона барпо этиш бўйича иш олиб бораяпмиз. Уни амалга оширишда банкнинг 3 миллиард сўмликдан зиёд кредитидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бугунги  тадбирда кўриб чиқилган масалалар, хусусан, Жаҳон банки ва республикамиз ўртасидаги янги ҳамкорлик концепциясининг ишлаб чиқилаётгани молия муассасаларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. 
Жаҳон банки гуруҳининг асосий ҳамкорлар билан ўтказаётган консультациялари, ўз навбатида, 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик концепциясини тайёрлаш ҳамда ишлаб чиқиладиган дастур юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганишга хизмат қилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn