Инвестиция ва изчил ривожланиш
  • 10 Октябрь 2015

Инвестиция ва изчил ривожланиш

Шаҳару қишлоқларимизда кенг ва равон йўллар, замонавий кўприклар, юксак меъморий ечимга эга маҳобатли иншоотлар, шинам уй-жойлар қад ростлаяпти. Минглаб иш ўринлари яратилган ҳамда энг илғор технологиялар билан жиҳозланган корхоналар фойдаланишга топширилмоқда, мавжудлари эса тубдан реконструкция ва модернизация қилинаётир. Бу ўринда, албатта, Инвестиция дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, Навоий вилоятида хорижлик сармоядорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик натижасида ўнлаб йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти.
Жумладан, 2014 йилда 231 ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, қўшимча 6,1 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг барча тармоқлари босқичма-босқич модернизация қилиниб, илғор ва тежамкор технологиялар билан жиҳозланаётгани янги турдаги сифатли маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш имконини бермоқда. Навоий шаҳридаги йилига 600 минг квадрат метр гилам ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ҳамда қиймати 4,5 млрд. сўмлик “Ишонч гилам” қўшма корхонаси фаолияти бунга мисол бўла олади.
Гап шундаки, ушбу корхонада хориждан келтирилган 4 миллиард 140 миллион сўмлик замонавий ускуналар ўрнатилиб, 2 та ишлаб чиқариш комплекси ишга туширилди. Пировардида мажмуада қарийб 50 кишининг бандлиги таъминланди.
— Европа стандарти бўйича янада мукаммаллаштирилган ускуналаримиз компьютердаги махсус дастур асосида бошқарилади, — дейди корхона директори Шавкат Холназаров. — Гиламларни тўқишда миллий ва замонавий дизайнга мос ёрқин ранглардан кенг фойдаланилаётгани эса унинг харидоргирлигини оширмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда “Ишонч гилам” маҳсулотлари нафақат воҳадаги савдо шохобчалари, балки қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилаётир. Жорий йилда, шунингдек, корхона маъмурияти хорижлик ҳамкорлар билан шартномалар имзолашга тайёргарлик кўраяпти.
Чет эл сармояси иштирокида бунёд этилган “Бахт текстиль”, “Navoiy milling”, “Кармана гипс маҳсулотлари” каби корхоналар ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин. Сабаби, жаҳон бозорида конъюнктуранинг беқарорлигига қарамай, вилоятда экспортчи корхоналар сони 2009 йилдаги 33 тадан 81 тага ортиб, улар томонидан амалга оширилган маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажми жорий йилда ўтган йилдагига нисбатан 141 фоиз ўсиши таъминланади.
Мутахассисларнинг фикрича, бунда Президентимиз ташаббуси билан “Ўзтадбиркорэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ва унинг ҳудудий ваколатхоналари ташкил этилганлиги янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Жорий йилда Инвестиция дастурига мувофиқ, саноат йўналишида умумий қиймати 169 миллиард сўмлик жами 262 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши ҳамда улар ҳисобига 4863 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Айни кунга қадар шундан 211 таси тўлиқ амалга оширилди.
Мухтасар айтганда, юртимизда хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани Навоий вилоятида ҳам юксак самаралар бераяпти.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn