Ишбилармонлик муҳити янада яхшиланади
  • 10 Октябрь 2015

Ишбилармонлик муҳити янада яхшиланади

Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида суд, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилган.

Урганч шаҳрида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида ўтказилган конференция-семинарда мазкур ҳужжат ижросига асосий эътибор қаратилди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Хоразм вилоятида ўн мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият юритмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 61,3 фоизни ташкил этаётир. Ҳудуд экспорт салоҳияти юксалишида ҳам хусусий секторнинг ҳиссаси муттасил ортиб бормоқда. Жумладан, вилоятдаги кичик корхоналар томонидан ташқи бозорга чиқарилган маҳсулотлар ҳажми қисқа муддатда 1,4 баробар ошиб, 29,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Энг асосийси, ўтган давр мобайнида соҳа вакиллари томонидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳисобига 34 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, вилоятда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 81 фоизи айнан шу соҳада фаолият кўрсатмоқда.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ш. Хайруллаев ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга атрофлича тўхталди. Чунончи, мустақиллик йилларида хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга доир қонунчилик базаси такомиллаштириб борилаётгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурида хусусий сектор ролини кучайтиришга қаратилган 7 та асосий йўналиш қамраб олинган. Иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, таркибий қайта ўзгартиришларни кенгайтириш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада юксалтириш каби масалалар ана шулар жумласидандир. Бундан ташқари, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш каби бир қатор вазифалар мазкур дастурда ўз ифодасини топган.  Семинарда иштирокчиларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча турдаги рўйхатга олиш, рухсат бериш ва лицензиялаш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, шунингдек, соҳа вакилларига “бир дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилди.
— Ҳамкасбларим давлатимиз томонидан фермерлар ва тадбиркорларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликдан жуда миннатдор, — дейди Янгибозор туманидаги “Хушнуд” фермер хўжалиги раҳбари Солияжон Матёқубова. — Биз бу имкониятлардан оқилона фойдаланаяпмиз. Қолаверса, имтиёз ва преференциялар катта миқдорда маблағ тежаб қолиш имконини бераётир. Бу эса фаолиятимизни янада кенгайтиришимизда қўл келаяпти. Бизга кўрсатилаётган юксак эътиборга муносиб ютуқларимиз билан жавоб қайтарамиз.
Семинар давомида янги нормаларни қонуности ҳужжатларига, давлат, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари амалиётига жорий этишни жадаллаштириш, профилактика ишларини кучайтириш, бизнес субъектларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тегишли бошқарма ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боришни йўлга қўйиш орқали мазкур муҳим ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Вилоятнинг барча шаҳар ва  туманларида аҳоли ўртасида Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги Фармони ва шу асосида қабул қилинган янги Қонун мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, тадбиркорлар ўртасида мунтазам равишда давра суҳбатлари ўтказиш муҳимлиги ҳам айтиб ўтилди.
Анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг раҳбарлари, мутахассислар тадбиркорларни қизиқтираётган саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.
Тадбирда вилоят ҳокими П. Бобожонов сўзга чиқди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn