Сифатли сервис — юқори унумдорлик
  • 10 Октябрь 2015

Сифатли сервис — юқори унумдорлик

Қишлоқ хўжалиги соҳасида самарадорликнинг юқори бўлиши кўп жиҳатдан фермер ва деҳқон хўжаликларининг зарур техника воситалари билан таъминланганлик даражаси, уларга сифатли сервис хизматлари кўрсатилишига боғлиқ.

Шу боис юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган хўжалик юритувчи субъектларни замонавий техникалар билан таъминлаш, тезкор сервис хизматлари кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2000 йилда иш бошлаган “Ўзагромашсервис” уюшмаси айни шу мақсадда ташкил этилган бўлиб, ушбу жамоанинг саъй-ҳаракати боис машина-трактор паркларининг фаолияти такомиллашмоқда, кўрсатилаётган хизматлар кўлами эса тобора кенгайиб бораяпти.
Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда уюшма тизимида 13 та машина-трактор парклари бирлашмаси, 174 та туман машина-трактор парки, еттита вилоят миқёсида, бешта республика бўйича таъминот корхоналари, 14 та қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш заводи, учта автотранспорт корхонаси, шунча қўшма корхона, бешта техник сервис хизмати кўрсатувчи корхона ишлаб турибди. Уларнинг кўмагида ҳар йили экин-тикин мавсумига пухта ҳозирлик кўрилиши баробарида, етиштирилган ҳосил нест-нобуд қилинмасдан йиғиштириб олинаётир.
Кеча пойтахтимизда “Ўзагромашсервис” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, уюшма томонидан ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, механизация ва сервис хизматларининг замонавий усуллари, янги турларини бозор тамойиллари асосида жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу эса кутилган самараларни бераётир. Айтайлик, 2015 йил баҳорги экин-тикин ишларида қатнашадиган техникалар ҳамда ғалла ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш учун 55 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар, қишлоқ хўжалиги транспортлари шиналари, шунингдек, бошқа моддий-техник ресурслар етказиб берилган бўлса, шундан 37,4 миллиард сўмлиги уюшма тизимидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келди.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги техникалари сонининг муттасил равишда кўпайиб бораётгани, ўз навбатида, туман МТПлари ва “Агротехсервис МТП” масъулияти чекланган жамиятларининг замонавий сервис хизматларига бўлган эҳтиёжини ҳам ошираяпти. Ана шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда иш юритилаётгани туфайли муваффақиятлар янада мустаҳкамланмоқда. Жумладан, 2013 йилда 13,1 миллиард сўмлик таъмирлаш ва сервис хизматлари кўрсатилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2014 йили 15,6 миллиард сўмликка етказилди. Жорий йил якунига қадар эса бу кўрсаткич 17 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Бунинг эвазига мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларининг бенуқсон ишлаши таъминланиб, улар ёрдамида кўрсатилаётган механизация хизматлари ҳажми тобора ошаётир.
Шу билан бирга, тизимдаги таъмирлаш ва саноат корхоналари фаолияти кўлами кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. 2013 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 51,1 миллиард, 2014 йилда 64,6 миллиард сўмликни ташкил қилгани бунинг яққол далилидир.
Анжуманда қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликларини замонавий техникалар билан таъминлаш, имтиёзли лизинг хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш, мавжуд техникалар кучидан унумли фойдаланиш мақсадида кўчма устахоналар фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, кузги шудгорни сифатли ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn