Минг дардга даво
  • 07 Октябрь 2015

Минг дардга даво

Юртимизнинг табиий иқлим шароити асаларичиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Мутахассисларнинг таъкидлашича, биргина Бухоро вилояти пахта далаларида ғўза гуллаган даврда икки юз мингдан зиёд асалари оиласини парваришлаш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, боларилар ўсимликлар гулини чанглатиб, ҳосилни оширишга хизмат қилади. Бу эса, ўз аҳамиятига кўра, асал олишдан ҳам муҳимроқ жараён саналади. Қолаверса, асал, мум, гулчанги, прополиси, сути ва заҳри жуда қимматбаҳо неъмат саналади. Уларнинг инсон саломатлигидаги ўрни бениҳоя муҳим ва фармацевтика саноати учун зарур хом ашё ҳисобланади. Қолаверса, асаларининг экологияга ижобий таъсири ҳам фанда ўз исботини топган.
— Мазкур тармоқни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритсак, аввало, махсус давлат дастури қабул қилинганини айтиб ўтиш лозим, — дейди Бухоро давлат марказий ўрмон хўжалиги бош асалчиси Мурод Соҳибов. — Унга мувофиқ, йўналишга ихтисослаштирилган янги хўжаликлар ташкил этиш учун қулай сармоявий муҳит яратилаяпти, банк томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Масалан, Бухоро шаҳрида иш бошлаган “Сардор Мирзо соф асал” оилавий корхонасининг бизнес-режаси 25 миллион сўм, Олот туманидаги “Азизбек Саид Барака” оилавий корхонасининг лойиҳаси 30 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит билан қўллаб-қувватланди. Ўз навбатида, биз ҳам мазкур соҳа вакилларини зарур жиҳозлар билан таъминлаб, амалий кўмак бераяпмиз. Семинарлар ташкил этаяпмиз. Бу эса ўз самарасини бераяпти. Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, бозорларда асал сероб. Агар 2013 йилда вилоятдаги фермер ва шахсий ёрдамчи деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 917 тонна бол етиштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1 минг 118,2 тоннани ташкил этди. Наслчилик ишлари оқилона йўлга қўйилгани ҳам маҳсулдорлик ошишига хизмат қилаётир.
Дарҳақиқат, вилоятда ушбу тармоқ йил сайин жадал ривожланмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида соҳада 63 та янги субъект иш бошлади. Натижада асаларичилик хўжаликлари сони 674 тага етди. Қоракўл туманининг Сайёт қишлоғида яшовчи Зафаржон Қодиров — ана шундай ташаббускор инсонлардан бири.
— Асаларичилик билан шуғулланишни анчадан буён ўйлаб юрардим, — дейди у. — Ниҳоят Бухоро давлат марказий ўрмон хўжалиги мутахассислари билан маслаҳатлашиб, ишга киришдим. Ҳозир 250 та болари оиласини парвариш қилаяпман. Ёшлар, айниқса, коллеж ўқувчиларига ҳам касб сирларини ўргатаяпман. Якка тартибда ишловчи тадбиркор сифатида яқинда наслчилик хўжалигини ташкил этдим. Эндиликда “Карпат” зотли она асаларини кўпайтириб, уларни соҳа вакилларига етказиб бераяпмиз.
Дарвоқе, бу — асалари наслчилиги билан шуғулланаётган вилоятдаги учинчи хўжалик саналади. Зеро, тармоқ ривожини наслчиликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бир дона асалари онаси воситасида юзлаб болари оилалари юзага келади.
Вилоятда асаларичилик жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳам алоҳида эътиборда. Жорий йилда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари ҳамда Шофиркон ўрмон хўжалиги негизида учта миницех ташкил этилди. ўиждувон тумани марказида яшовчи тадбиркор Комил Неъматов эса илғор технология асосида мумпарда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бир қатор туманларда асаларичилик маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконлар ишлаб турибди. Асалари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 8,7 гектар майдонга жийда, 20,5 гектар ерга наъматак, 1,9 гектар майдонга софора каби қурғоқчиликка чидамли, нектарга бой дарахт ва бута ўсимликлари экилди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ҳудудда 2016 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси ҳозирданоқ белгилаб қўйилган. Буларнинг барчаси вилоятда экологик жиҳатдан тоза шифобахш асал етиштириш истиқболли соҳалардан бири эканлигидан далолат беради.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn