Халқаро ҳамкорликнинг янги имкониятлари
  • 07 Октябрь 2015

Халқаро ҳамкорликнинг янги имкониятлари

СЕУЛ, 6 октябрь. ЎзА махсус мухбири Ирода УМАРОВА хабар қилади.

Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида «Корея Республикаси — Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Ушбу форум доирасида «Coex» кўргазмалар павильонида «Савдо-сайёҳлик роуд шоуси» халқаро кўргазмаси ўтказилди. Унда Жанубий Корея, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ишбилармон доираларининг икки юздан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг улкан савдо-иқтисодий салоҳияти ва экспорт имкониятлари намойиш этилди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида саноат тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида изчил амалга оширилаётган ишлар самарасида юртимиз маҳсулотларининг рақобатбардошлиги ошиб, ташқи бозордаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда.
Корея Республикаси билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро кўргазмадаги Ўзбекистон стендида мамлакатимиз саноатининг озиқ-овқат, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, электр техникаси, қурилиш материаллари ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, ҳунармандлик, кўнчилик каби тармоқларида фаолият кўрсатаётган элликдан зиёд корхоналар маҳсулотлари намойиш этилди.
Кўргазмага ташриф буюрганлар мамлакатимиз саноати имкониятлари билан бир қаторда сайёҳлик салоҳияти билан ҳам яқиндан танишди.
Ўзбекистон  Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўргазмада мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини кенг намойиш этди.
— Халқаро кўргазма самарали бўлди, — деди мазкур жамғарма бош директори Жаҳонгир Мустафоев. — Унда Жанубий Кореянинг кўплаб компаниялари ва йирик савдо ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказилди, қатор битимлар имзоланди. Хусусан, шарбат концентрати экспорти бўйича беш миллион долларлик шартнома, шунингдек, фармацевтика ва автомобилсозлик соҳаларида қўшма корхоналар тузиш бўйича сармоявий битимлар имзоланди.  
Халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг “GDF” масъулияти чекланган жамияти ҳам харидорлар эътибори марказида бўлди. Ўз фаолиятини 2012 йили бошлаган ушбу корхона мева-сабзавотлар экспорти борасида катта ютуқларга эришмоқда.
— Ўзбекистон мевалари лаззатли таъми билан алоҳида ажралиб туради, —  деди Жанубий Кореянинг “NK Globalnet” компанияси бош ижрочи директори Шин Кюнг Хун. — Компаниямиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга ихтисослашган. Кўргазма асносида “GDF” корхонаси билан гилос импорт қилиш бўйича шартнома имзоладик. Қишлоқ хўжалиги соҳасида катта салоҳиятга эга Ўзбекистон жаҳон бозорини ўзининг юксак сифатли маҳсулотлари билан кенг эгалламоқда. Келгусида мамлакатингиздан бошқа турдаги мева-сабзавотларни ҳам импорт қилишни режалаштиряпмиз.
Халқаро кўргазма хорижлик ишбилармон ва инвесторларни мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятлари билан яқиндан таништириш, “Made in Uzbekistan” белгили миллий маҳсулотларимизни ташқи бозорларга таклиф этиш, экспорт жўғрофиясини янада кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонларининг тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, бу борада янги имкониятларни кашф этиш учун қулайлик яратди.
Анжуман доирасида логистика, маркетинг, қадоқлаш ва туризм йўналишларида ишбилармонлар учун семинарлар ўтказилди.

ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn