Тежамкор технологиялар намойиши
  • 30 Сентябрь 2015

Тежамкор технологиялар намойиши

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мазкур соҳаларга оид замонавий технологияларнинг “FoodWeеk Uzbekistan — 2015” ҳамда “AgriTek Uzbekistan — 2015” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалари иш бошлади. 

Тадбирларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан ҳисобланади. Жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,5 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати эса 21,6 фоиз ўсгани бунга яққол далил бўла олади. Бу Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиётни барқарор тараққий эттириш, саноат тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш мақсадида изчил амалга оширилган ислоҳотлар самарасидир, албатта.
Эътиборли жиҳати шундаки, юртимизда кўп миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш баробарида, уни қайта ишлаш ҳажми ҳам муттасил ортиб бораётир. Бунда жойларда замонавий корхоналар ташкил этилаётгани айни муддао бўлаяпти. Масалан, шу йилнинг олти ойида 1866 та ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган бўлса, шундан 461 таси озиқ-овқат саноати ҳиссасига тўғри келди. Натижада кўплаб турдаги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Тизимга замонавий технологияларни кенг жалб этиш, мавжуд қувватларни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш лойиҳалари рўёбида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўргазмалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, бу тадбирларда юртимиз ва хориж компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган юқори унумли ҳамда тежамкор ускуналар намойиш этилаётир.
Йигирманчи марта ўтказилаётган халқаро кўргазмаларнинг бирлашган экспозициясида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга, Ҳиндистон, Хитой, Беларусь, Шри-Ланка, Италия, Швейцария, Германия, Индонезия сингари 15 га яқин мамлакатдан 50 дан зиёд компаниялар ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
— Биз кўргазмага ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шу орқали бизнес фаолиятимизни юртингиз билан боғлаш ниятида келганмиз, — дейди Шри-Ланканинг “Stassen” компанияси вакили Ачала Ламасурия. — Чунки бу ерда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, жадал ривожланаётган иқтисодиёт тармоқлари чет элликлар, хусусан, салкам 40 йиллик тарихга эга компаниямиз жамоасининг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Бизнинг компаниямиз чой ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, тайёр маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилинади. Кўргазманинг биринчи кунидаёқ мамлакатингиз тадбиркорлари билан амалий музокараларга киришиб, янги лойиҳалар устида муҳокамалар олиб бораяпмиз. Ўйлайманки, унинг амалга оширилиши икки томонлама фойдали бўлади.
Кўргазмаларда тўртта махсус бўлим фаолият кўрсатаяпти. Уларда қишлоқ хўжалиги техникалари, чорвачилик, паррандачилик ва ветеринария асбоб-ускуналари, минерал ўғитлар ҳамда препаратлар, хом ашёни чуқур қайта ишлаш линиялари, мева-сабзавотни қуритиш ва қадоқлаш ускуналари, қандолатчилик учун минитехнологиялар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда чанқовбосди ичимликлар намойиш қилинмоқда. Айниқса, республикамиз ишбилармонлари томонидан таклиф этилаётган маҳсулотлар сифатининг юқорилиги, бежирим дизайни ва инновацион ечимлар татбиқ қилингани билан барчага маъқул бўлмоқда. Мисол учун, пойтахтимиздаги “Inter Plast Tashkent” масъулияти чекланган жамиятида консерваланган палов пишириш ўзлаштирилганига нима дейсиз?!
— Ишлаб чиқаришни дастлаб металл консерва банкаларини маҳаллийлаштиришдан бошлаганмиз, — дейди ушбу жамият раҳбари Ҳикмат Абдуллаев. — Бугунги кунда буюртмачиларга диаметри 99 миллиметрдан 153 миллиметргача бўлган турли ўлчамдаги шундай қадоқлаш воситаларини етказиб бераяпмиз. Шу йилдан бошлаб эса ўзбек миллий таоми — паловни консервалашни йўлга қўйдик. 335 ва 670 граммлик идишларга жойланган бу маҳсулотни икки йилгача сақлаш мумкин. Шу боис унга чет элда ҳам талаб ортиб бормоқда. Кўргазмага ташриф буюрган хорижлик мутахассисларнинг маҳсулотимизга қизиқиши ҳам шундан далолатдир. 
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги кўмагида “Expo Position” компанияси томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмалар уч кун фаолият кўрсатади. Уларнинг доирасида маҳаллий ва хорижий компаниялар янги маҳсулотларининг тақдимотлари, шунингдек, озиқ-овқат саноати корхоналари ўртасида танловлар ўтказилиши кўзда тутилган.           

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn