Модернизация — тараққиёт таянчи
  • 29 Сентябрь 2015

Модернизация — тараққиёт таянчи

Юртимиз шаҳару қишлоқларида мураккаб технологиялар билан жиҳозланган замонавий корхоналар барпо этилиши ҳисобига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми ортиб, улар ички ва ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб бораётир. Айниқса, енгил саноатда ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар ўзининг юксак натижаларини бермоқда.

Пахта толаси — тўқимачиликка ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш субъектлари учун муҳим хом ашё. Заминимизда эса унинг энг юқори навлари етиштирилади. Қолаверса, кейинги йилларда пахтани қайта ишлаш борасида тўплаган илғор тажрибамиз халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Бунинг самараси эса юртимиз экспорт жуғрофияси йилдан-йилга кенгайишига хизмат қилаётир.
Чунончи, Қорақалпоғистон Республикасида 2014 — 2016 йилларда саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳудудий дастур мазкур йўналишдаги ишларга янгича суръат ва кўлам бахш этмоқда. Унга мувофиқ, ўтган йили Оролбўйида умумий қиймати 65 млрд. 830 миллион сўмлик ва 6 млн. 275 минг АҚШ долларилик 321 лойиҳа амалга оширилиб, 6653 кишининг бандлиги таъминланди. Шундан 50 та лойиҳа енгил саноат ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг рўёби 3630 та иш ўрни яратилишини таъминлади. Муҳими, мазкур корхоналар томонидан қисқа муддатда 320 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, буюртмалар ўз вақтида бажарилди.
Албатта, техник ва технологик янгиланиш — сифат ва самарадорлик омили. Шу боис минтақада тўқимачилик саноати корхоналарини модернизациялаш долзарб вазифалар сирасига киради. Жумладан, “Амударё текстиль”, “Тўрткўл Асака текстиль”, “Нукус текстиль” масъулияти чекланган жамиятларида амалга оширилган умумий қиймати 65,5 миллион долларлик ана шундай лойиҳалар самараси ўлароқ, уларга замонавий дастгоҳ ва ускуналар ўрнатилиб, юзлаб маҳаллий йигит-қизлар доимий даромад манбаига эга бўлди. Айни пайтда мазкур корхоналар маҳсулотларининг асосий қисми ташқи бозорга чиқарилмоқда.
Беруний туманида иш бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Astera textile” чет эл корхонаси — улардан бири. Мазкур ишлаб чиқариш субъекти пахта толасини қайта ишлаш орқали йилига 5 минг тонна калава ип тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда бажарилган 2 миллион долларлик қурилиш-таъмирлаш ҳамда 14 миллион долларлик технологик жиҳозлаш ишлари унинг фаолиятини йўлга қўйишда қўл келди. Ҳозир корхонада 300 киши иш билан банд. Жамоа аъзолари саъй-ҳаракати билан жамиятда кунига 13 тоннагача жаҳон бозори талабларига мос юқори сифатли калава ип тайёрланаётир.
 —  Мамлакатимизда биз, тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар тақдим этилмоқда, — дейди корхона раҳбари ўафуржон Солиев. — Замонавий технологиялардан самарали фойдаланиб, маҳсулотларимиз рақобатбардошлигини оширишга интилаяпмиз. Қувонарлиси, харидорларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда  маҳсулотимизнинг 80 фоизини экспорт қилаяпмиз.
Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган XI халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси тизим корхоналари учун экспорт ҳажмини кўпайтириш, янги ҳамкорлар топишда қўшимча имкониятлар яратиб беради.
Фидокорона меҳнат, изланиш — ишбилармонликнинг устувор талаби. “Astera textile”  жамоаси ана шу асосда фаолият юритаётгани туфайли катта ютуқларга эришмоқда.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
СУРАТЛАРДА: “Astera textile” корхонаси фаолиятидан лавҳалар.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn