Инновация ва юқори самарадорлик
  • 29 Сентябрь 2015

Инновация ва юқори самарадорлик

Бугунги кунда ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни жорий этиш орқали юқори самарадорликка эришиш дунё миқёсида долзарб вазифага айланмоқда. Негаки, мазкур усул нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки катта миқдордаги маблағларни иқтисод қилиш, уни бошқа истиқболли лойиҳалар рўёби учун йўналтириш имконини бераяпти.

Шундан келиб чиқиб, юртимизда бу борадаги юмушларга, хусусан, иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси (IDA) иштирокида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шундай ҳужжатлар сирасига киради. Гап шундаки, ўтган қисқа давр мобайнида мазкур қарор ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, лойиҳанинг биринчи босқичида Жаҳон банки тизимидаги Халқаро тараққиёт уюшмасининг 25 миллион АҚШ долларилик узоқ муддатли имтиёзли кредити жалб қилинди. Натижада республикамиздаги “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банки ва “Ҳамкорбанк” иштирокида маҳаллий саноат корхоналарига замонавий асбоб-ускуналар сотиб олиш ва энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш имконияти яратилди. Масалан, дастлабки босқичда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси тизимидаги корхоналарда 2 та, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятларида 9 та, “Ўзпахтасаноат” ҳамда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаларида 6 та, жами 31 лойиҳа амалиётга татбиқ этилди. Пировардида ушбу субъектларда иқтисод қилинган 152,4 миллион киловатт/соат электр энергияси ва 42,6 миллион куб метр табиий газ тоғ-кон, кимё, энергетика, нефть ва газ, қайта ишлаш каби саноат тармоқларига йўналтирилди. Бунда асосий эътибор жисмонан ва маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини замонавийларига алмаштириш, ушбу жараёнга техник ва технологик ечимларни изчил қўллаш, мавжуд хом ашё базасидан оқилона фойдаланиш, ёрдамчи хўжаликларга муқобил энергия манбаларини татбиқ этиш омилларига устуворлик берилгани диққатга сазовордир.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши 2013 йилда иккинчи босқич рўёби учун йўл очиб берди. Сабаби, бунинг учун ажратилган 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ туфайли саноат корхоналарида яна 43 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2018 йилгача ҳаётга татбиқ этиладиган ушбу лойиҳалар 547 миллион киловатт/соатдан ортиқ электр энергияси ҳамда 214 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
— Республикамизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнида энергия сарфини камайтиришга асқотадиган захиралар кўп, — дейди Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон банки лойиҳаларини Мувофиқлаштириш гуруҳи директори Улуғбек Абдуллаев. — Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, кейинги йилларда иқтисодиёт тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Улар барқарор ривожланишда муҳим  аҳамият касб этаяпти. Мисол учун, 2015 — 2019  йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий янгилаш ва диверсификациялашга оид Дастурда еттита муҳим йўналиш қамраб олинган бўлса,  шулардан бири энергия сарфини камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳада тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобланади.
Қувонарлиси, юртимизда бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури каби бир қатор етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар ҳукуматлари томонидан кенг эътироф этилмоқда. Зеро, заминимиз табиий газ, суюқ углеводородлар, кўмир ва бошқа турдаги ёқилғи-энергетика ресурслари захираларига бой. Фақат уларни тежаб ишлатиш талаб этилади.
Хулоса шуки, юртимизда саноат корхоналарини янгилаш бўйича бажарилаётган ишлар амалда ўз самарасини бермоқда. 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялашга оид Дастурда кўзда тутилган вазифалар ижроси, шубҳасиз, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни йирик саноат корхоналари қаторида кичик бизнес субъектларида  ҳам қўллашда муҳим аҳамият касб этади.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn