Тадбиркорликнинг ишончли ҳимояси
  • 26 Сентябрь 2015

Тадбиркорликнинг ишончли ҳимояси

Бухорода “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Унда ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат қилувчи ва суд  органлари, шаҳар  ҳамда туман ҳокимлари, молия муассасалари раҳбарлари,  тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этди.
Анжуманда таъкидланганидек, Бухоро вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ишбилармонларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2014 йилда 67 фоизни, экспортдаги ҳиссаси 30 фоизни, бандликдаги улуши эса 78,6 фоизни ташкил қилди. Жорий йил якунига келиб, бу кўрсаткичлар сезиларли даражада ошиши кутилаяпти. Чунки мамлакатимизда ишбилармонларнинг эркин фаолият юритиши учун янада кенг қулайликлар яратиб беришга катта эътибор қаратилаётир. Бинобарин, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур Қонун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини янги поғонага кўтаради.
Тадбирда Олий хўжалик суди раиси К. Камилов, вилоят прокурори М. Азимов ва бошқалар шу йилнинг 21 августидан  эътиборан кучга кирган ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Иштирокчилар янги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда божхона, солиқ, суд, прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифалар, тадбиркорларга яратилган қулайлик ва енгилликлар ҳамда имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.
— Бугунги конференция биз учун жуда фойдали бўлди, — дейди Бухоро шаҳрида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор ўайратбек Ражабов. — Ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдик. Қонуний манфаатларимиз давлатимизнинг доимий ҳимоясида эканини янада чуқур ҳис этдик. Қонунга мувофиқ, Солиқ кодексига киритилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчаларда тадбиркорларга ходимларни ёллаш ҳуқуқи берилган. Бу ишбилармонга ҳар бир ёлланган ходим ҳисобидан белгиланган қатъий солиқнинг 70 фоизи, суғурта бадаллари ҳисобидан 50 фоиз миқдорида маблағни тежаб қолиш имконини беради.
Тадбирнинг очиқ мулоқот тарзида ўтказилгани хусусий сектор вакилларининг қонунчиликдаги янгиликларга оид тушунчаларини янада бойитди.
Конференция-семинарда вилоят ҳокими М. Эсанов сўзга чиқди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn