Бебаҳо мерос, бетакрор табиат, қулай инфратузилма туризм ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 26 Сентябрь 2015

Бебаҳо мерос, бетакрор табиат, қулай инфратузилма туризм ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда

Сайёҳлик ҳар бир мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда халқаро алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишларидан биридир. Шу боис дунё бўйича ушбу соҳанинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фаол тарғиб қилиш, жамоатчиликка атрофлича тушунтириш, бу борада давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни изчил ривожлантириш қулоч ёзмоқда.

1979 йили Испаниянинг Торремолинос шаҳрида ўтказилган Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош ассамблеясида “27 сентябрь — Халқаро сайёҳлик куни” деб эълон қилинганининг сабаби ҳам аслида ана шунда.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мазкур соҳа равнақига алоҳида устуворлик берилаяпти. Маълумки, 1992 йилда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ташкил этилди, орадан бир йил ўтиб, у Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо бўлди. “Туризм тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳужжатлар мазкур соҳанинг тараққиётини белгилаб турибди.
Қолаверса, юртимиз Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашганлиги, боз устига, ноёб тарихий обидалари, бетакрор маданияти, анъаналари ва табиати билан сайёҳларни ўзига мафтун этаяпти. Ҳар йили республикамизга жаҳоннинг 70 дан зиёд мамлакатларидан 2 миллионга яқин меҳмонлар ташриф буюраётгани хорижликларнинг эътирофи ва қизиқишидан далолатдир.
 “Ўзбектуризм” Миллий компанияси бош мутахассиси Миртолиб Мирзоҳидов қайд этганидек, мустақиллик йилларида сайёҳларни муносиб кутиб олиш учун яратилган қулай шарт-шароитларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда ҳудудимизда салкам 550 та туроператор ва агентлик, турли мулкчилик шаклидаги 500 та меҳмонхона ҳамда меҳмонхона типидаги тузилма фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, охирги саккиз йилда 13 мингдан ортиқ сайёҳларни қабул қилиш имкониятига эга 300 дан зиёд хусусий меҳмонхоналар қурилгани, жами меҳмонхоналар эса 60 мингдан кўп ўринга мўлжаллангани диққатга сазовор.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда дунёга таниқли “Рэдиссон БЛЮ”, “Виндхам”, “Лотте хотелз”, “Рамада” каби меҳмонхоналар ишлаб турибди. Айни пайтда пойтахтимиз марказида муҳташам “Хаятт” меҳмонхонаси биноси барпо этилаётган бўлса, халқаро миқёсда нуфузга эга “Хилтон” меҳмонхоналар тармоғи билан “Интернейшнл Отель Ташкент” меҳмонхонасини бошқариш бўйича шартнома имзоланганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришга доир ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 8351 ўринга эга бўлган 152 та меҳмонхонани қуриш, туризм инфратузилмасига оид 36 та янги объектни ишга тушириш ва 45 тасини модернизация қилиш орқали сайёҳлар учун нафақат замонавий маҳсулот ёки йўналишларни тақдим этиш, балки  тизимда 2300 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Ўз навбатида, юртимизда транспорт хизмати ҳам йил  сайин такомиллаштирилаяпти. “Тошкент” халқаро аэропорти дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан ўнлаб самолётларни қабул қилаётгани, яна
11 аэропортимиз халқаро мақомга эгалиги, “Тошкент — Самарқанд — Қарши — Тошкент” темир йўл йўналишида Испаниянинг “Тальго” компаниясида ишлаб чиқарилган тезюрар поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилгани бунга мисол бўла олади. Туризм инфратузилмаси ва хизматлар кўрсатиш даражасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар Туризм ва сайёҳлик бўйича Жаҳон кенгаши (WTTC) томонидан Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ошиб бораётган илғор давлатлар қаторида эътироф этилишига замин яратгани эса, албатта, ҳар биримизга ғурур бағишлайди.   
Бундан ташқари, 2009 йилдан буён ички туризм ҳам жадал ривожланаётир. Халқаро мутахассисларнинг фикрича, айниқса, экотуризмни тараққий эттиришимиз учун имкониятлар етарли. Чунки Ўзбекистон бой тарихи, бетакрор меъморий обидалари билан бир қаторда, иқлим шароити ва табиат мўъжизалари билан ҳам алоҳида ажралиб туради.
— Зомин туманига “Асл табиат маскани” деб бежиз таъриф берилмаган, — дейди  Жиззах вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассиси Комилжон Қаршибоев. — Нега деганда, бу ерда туризм соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш учун барча  шарт-шароит мавжуд. Чунончи, денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда жойлашган арчазорлар Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик ҳудудлардан бири саналади. Зоминнинг гўзал табиати ва иқлими, ўзига хос ҳайвонот ҳамда ўсимлик олами, маданий-этнографик хусусиятлари, шунингдек, пурвиқор тоғининг шифобахш ҳавоси туризмнинг соғломлаштириш-даволаш, экологик, этнографик, спорт йўналишларида экосаёҳатчиларни йил бўйи жалб қилиш имконияти бор. Шу билан бирга, Ватанимизнинг муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари, хусусан, Самарқанддаги Регистон мажмуаси, Улуғбек расадхонаси, Бухоронинг кўҳна Арк қалъаси, Хиванинг Ичанқалъаси, Қаршининг Одина, Кўкгумбаз обидалари, Шаҳрисабзнинг Оқсарой маданий ёдгорлиги, Қўқон ўрдаси, умуман, барча файзли гўшалари дунё аҳлининг хаёлини тортиб, ўзига чорлаяпти, десак, муболаға эмас. Бунда, аввало, ўлкамизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳити, жаҳонга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканларида юксак сифатли хизматлар кўрсатилаётгани муҳим омил бўлаяпти.
Президентимиз ўтган йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг
99-сессиясида сўзлаган нутқида соҳанинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталиб, “Биз Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, мамлакатимиз ҳудудида шаклланган ва ривожланган энг қадимий цивилизация ва маданиятлар, қоятошлардаги ёзувлар ва иероглифларни, ноёб тарихий обидалар, моддий маданият ва меъморликнинг улуғвор ҳамда бетакрор намуналарини назарда тутамиз. Айни пайтда уларни Япония, Франция, Германия ва бошқа давлатларнинг кўплаб олим ва мутахассислари ўрганмоқда. Шу билан бирга, ўзининг жозибаси ва таровати билан дунёдаги энг яхши дам олиш ва саёҳат масканларидан қолишмайдиган гўзал табиатимизнинг бойлиги ва хилма-хиллигини ҳам бу борадаги энг катта имкониятларимиз қаторида кўрамиз”, дея таъкидлаган эди. Ана шу кўрсатма ва йўл-йўриқлар асосида ҳар бир вилоят, шаҳар ҳамда туманларимизда амалга оширилаётган ишлар натижасида сайёҳлик соҳаси  тобора тараққий этмоқдаки, бу пировардида юртимиз довруғини янада ошириш, иқтисодиётимизнинг барқарорлигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn