Битим имзоланди
  • 24 Сентябрь 2015

Битим имзоланди

Корея Республикаси Экспорт-импорт банки президенти Ли Дук Хуннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 23 сентябрь куни Ўзбекистон банклари ассоциациясида Эксимбанкнинг Жанубий Корея иқтисодий ривожидаги роли ва Ўзбекистон билан ҳамкорлигига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг банк-молия соҳаси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик бошқа соҳалар қатори савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестициявий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 27-29 май кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди.
Корея Республикаси — Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бири.
Бу соҳада мамлакатларимиз ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган.
Ўтган йили Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошган. Ўзбекистонда Жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 68 таси тўла ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Юртимизда Жанубий Кореянинг 79 компанияси ваколатхоналари очилган.
Семинарда Эксимбанк президенти Жанубий Кореянинг иқтисодий тараққиёти, жаҳон ишлаб чиқаришидаги ўрни, халқаро молиявий-инвестициявий жараёнлардаги иштироки, тўплаган бой тажрибаси ҳақида сўзлади.
— Ўзбекистон табиий ресурсларга бой, улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат, — деди Ли Дук Хун. — Икки томонлама муносабатларимиз савдо, иқтисодиёт, сармоя, нефть-газ, кимё, машинасозлик каби кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимиз бизнесменлари ҳамкорлигида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида Жанубий кореялик ишбилармонлар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистон ҳам Жанубий Корея каби тез ривожланмоқда, ислоҳотлар самарали амалга оширилмоқда. Бу ўзаро ҳамкорлигимизга катта ишонч бағишлайди.
Шу куни Ўзбекистоннинг “Асака” акциядорлик тижорат банки билан Жанубий Кореянинг Эксимбанки ўртасида 160 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этиш бўйича битим имзоланди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn