Табиат мўъжизаси
  • 24 Сентябрь 2015

Табиат мўъжизаси

Муқобил энергия манбалари юртимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилаяпти.

Сўнгги пайтларда табиат эҳсони, тараққиёт ва инсон заковатининг ютуғи ҳисобланмиш қайта тикланувчи энергия манбалари кундалик турмушимизга тобора кенгроқ кириб келмоқда. Шундай экан, бу борада дунёда ва юртимизда қандай ишлар амалга оширилаётганини теранроқ англаш фойдадан холи бўлмаса керак.
Муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг афзалликлари хусусида сўз юритишдан аввал жаҳон энергетикасидаги ҳозирги аҳвол, унинг экологияга кўрсатаётган таъсири ва мавжуд қувватларнинг самарадорлик даражасига эътибор қаратсак.
Маълумки, бугунги кунда дунёда анъанавий ёқилғига бўлган талаб тобора ортиб бораётир. Мутахассисларнинг фикрича, бу талаб 2030 йилга бориб, аср бошидагига нисбатан 50 фоиздан кўпроқ ўсиб, умумий эҳтиёж 27 миллиард  тонна шартли ёқилғигача етади. Ўз навбатида, бундай ўсишнинг экологияга салбий таъсири ҳам кучайиб бораверади.
Халқаро энергия агентлигининг маълумотларига қараганда, қайта тикланувчи энергияга йўналтирилаётган инвестициялар йил сайин ошиб, сўнгги 5 йил мобайнида қуёш энергетикаси соҳасига жалб қилинган ялпи сармоялар ҳажми 520 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2050 йилга бориб эса унинг айрим турларидаги улуши 70 фоиздан ошиши мумкин. Бу ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга чиқараётган зарарли чиқитларини 500 миллиард тоннага камайтириш имконини беради.
Яна бир эътиборли жиҳати, уни ишлаб чиқариш таннархи ҳам камайиб бормоқда. Агар 2008 йилда бир киловатт/соат қуёш энергиясини ҳосил қилишга 35 цент сарфланган бўлса, ўтган йили бу рақам 8,5 центга тушди. Бошқача айтганда, баъзи мамлакатлардаги қуёш станцияларида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси углеводород хом ашёсини ёқиш ҳисобидан олинадиган электр қуввати билан бемалол рақобатлаша олади.
Президентимиз бундан икки йил аввал Тошкентда ўтказилган “Қуёш энергияси технологиялари тенденциялари ва истиқболлари” мавзуидаги Осиё қуёш энергияси форумининг 6-йиғилишидаги нутқида бу борада фикр юритар экан, “...қуёш энергетикаси инқироздан чиқишда локомотив вазифасини бажарадиган  омиллардан бири бўлиши мумкин ва зарур”, дея алоҳида эътироф этган эди.
Дарҳақиқат, бугунги амалий ҳаракатлар эртанги ҳаётимиз учун пойдевор вазифасини ўтайди. Яъни, тараққиёт билан ҳамқадам бўлиш бизнинг авлодлар олдидаги бурчимиздир. Бу фикрни дунёнинг 300 дан ортиқ халқаро ташкилотлари вакиллари, олимлар, соҳа мутахассисларини жамлаган нуфузли форум иштирокчилари алоҳида қайд этишди.         
Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича ўз эҳтиёжини тўла таъминлайдиган мамлакатлар сирасига киради. Ҳозирги пайтда бу таъминотнинг асосий қисмини, яъни қарийб 80 фоизини табиий газ, 7,6 фоизини нефть, 5 фоиздан ортиқроғини кўмир ташкил этади. Республикамизда кейинги даврда йилига ўртача 55-57 миллиард киловатт/соат  миқдорида электр энергияси ҳосил  қилинаяпти. Ҳисоб-китобларга қараганда, саноатнинг юқори даражада жадал ривожланиши туфайли мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган талаби 2030 йилда ҳозиргига нисбатан 2 баробар ошади.
Ватанимиз  — қуёшли, офтоб сийлаган диёр. Актинометрик станциялар томонидан олиб борилган кўп йиллик кузатувлар юртимизда йилнинг 320  куни қуёшли бўлишини, турли ҳудудларда йилига 2400 дан 3090 соатгача ёғду таратиб туришини кўрсатган. Бу эса экспертларнинг фикрича, бир йилда истеъмол қилинадиган электр энергиясидан 40 баробар кўп ҳажмдаги қувват олишга имкон яратади.
Эътироф этиш жоиз, кейинги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан кейин эса ноанъанавий энергетика ресурслари, шу жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишга кенг имконият яратиш, қуёш панеллари учун ускуналар, бутловчи қисмларни саноатлаштирилган ҳолда ишлаб чиқаришга эътибор янада кучайди.  
Энг муҳими, бу йўлда бир қатор илмий тажриба масканлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Бинобарин, Осиё минтақасида ягона бўлган “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг илмий экспериментал маркази ташкил этилгани мазкур соҳа ривожида катта туртки бўлди. Шу ўринда айтиш жоизки, илмий мажмуа таркибидаги 1 мегаватт қувватга эга бўлган улкан қуёш печи 3 минг даражали иссиқ ҳарорат ҳосил қилиш ва ўта соф материаллар ишлаб чиқаришни таъминлаш, ноёб илмий тадқиқотлар ва иссиқликка оид синовлар ўтказиш имкониятига эга. Марказ олимларининг бу борадаги илмий-амалий натижалари 2013 йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотига лойиқ кўрилган бўлса, айни пайтда улар янги лойиҳалар устида иш олиб боришяпти. Жумладан, улар яратган автоном мобиль кўп функцияли фотоэлектрик тизимдан Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигида унумли фойдаланилмоқда. Яъни боқилаётган 500 бош зотдор молни соғишдан тортиб, фермани ёритиш ва иситиш билан боғлиқ барча ускуна мазкур лаборатория қошидаги кичик корхонада тайёрланган қуёш электр станциясидан қувват олиб ишлаяпти.
Қуёш нурини электр қувватига айлантирувчи қурилмаларнинг самараси хусусида гап кетганда, ўтган йили Поп туманида фойдаланишга топширилган фотоэлектр станциясига ҳам алоҳида тўхталиш жоиз.
— Ушбу станцияга ускуналар Корея Республикаси ҳукуматининг 477 минг АҚШ долларилик грант маблағлари ҳисобига ўрнатилди, — дейди Шарқий магистраль электр тармоқлари бўлими бошлиғи Музаффар Мадраҳимов. — Қурилиш ишларига доир харажатлар эса “Ўзбекэнерго” акциядорлик компанияси томонидан молиялаштирилди. Станциямизга 4 турдаги 492 та қуёш панели ўрнатилган бўлиб, улар бир йил давомида синовдан ўтказилади. Шундан сўнг энг самаралиси танлаб олинади. У қурилиши режалаштирилаётган йирик қуёш электр станцияси учун асос вазифасини ўтайди.
Кейинги пайтда вилоятда қуёш энергиясидан фойдаланиш кўлами тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Хусусан, бугунги кунда Наманган шаҳридаги қатор светофорлар ҳам офтоб нуридан қувват олиб ишлайди. Улардаги кичик панеллар етарли миқдордаги қувватни йиғиб бераяпти. Бундай жиҳатларни панно ва баннерларни ёритиш тизимида ҳам кўриш мумкин. Қишлоқларда бунёд этилаётган янги намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойларга ҳам қуёш батареялари ўрнатилаяпти.
Шу билан бирга, юртимиз фотоэлектрик модуллар ва қуёш энергетикасида қўлланиладиган бошқа ускуналарни ишлаб чиқариш учун хом ашё захираларига ҳам бой. 2012 йилда Жанубий кореялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда йиллик қуввати 12 минг тонна бўлган техник кремний ишлаб чиқарувчи завод фойдаланишга топширилгани, “Ангрен” махсус индустриал зонасида айни шу йўналишдаги иккинчи корхона барпо этишга киришилгани, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фотоэлектр панеллар, “Жиззах” махсус индустриал зонасида эса қуёш иссиқлик коллекторлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти йўлга қўйилганининг боиси шунда.
Юртимизда маиший ва коммунал соҳа, хусусий уйларда қуёш энергиясидан фойдаланишни кенг жорий этишга, бу борада зарур ишлаб чиқариш ва сервис имкониятларини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай технологияларни кенг миқёсда қўллаш яқин йилларда юртимиз энергия тизимига тушаётган қувват юкини 2 миллиард киловатт-соатга қисқартириш, локал тарзда қарийб 2 миллион гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш имконини беради. Бу йилига жами 250 миллион доллардан ортиқ қийматдаги энергия ресурси тежалади, деганидир. Яқин келажакда эса 1300 та умумтаълим мактаби ва касб-ҳунар коллежини тажриба тариқасида қуёш коллекторлари билан таъминлаш, қишлоқ жойлардаги 600 дан ортиқ врачлик пунктларида фотоэлектрик панеллар ўрнатиш режалаштирилмоқда.  Мутахассисларнинг қайд этишича, Европа давлатларида ишлаб чиқарилаётган қуёш батареялари ҳарорат 30 даражадан ошса, ишлаш суръати пасайиб бораверар экан. Шу боис Марказий Осиё ва Африка мамлакатларида олимларимиз ишланмаларига қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Техника ривожи туфайли унинг кучидан энергия манбаси сифатида фойдаланишга бўлган эътибор бутун дунё миқёсида ортмоқда. Масалан, Германияда бутун эҳтиёж учун зарур бўлган ёқилғининг 74,5 фоизи импорт қилинади. Шу боис энергия тежамкорлиги, унинг самарадорлигини оширишга устувор вазифа сифатида қаралади ва муқобил энергия манбалари, хусусан, шамол энергиясидан кенг фойдаланилади. Қуввати 1 МВтга тенг бўлган битта шамол генератори 20 йиллик иш жараёни мобайнида тахминан 29 минг тонна кўмир ёки 92 минг баррель нефтни тежаш имконини беришини инобатга олсак, ташаббускорларнинг бу борадаги тажрибаси нечоғли аҳамиятли экани аён бўлади.
Мамлакатимизда ўртача шамол  оқими 84,0 Вт/ кв.м.ни ташкил қилади. Бу йилига 2,22 миллион тонна қайта тикланувчи энергияни пайдо қилиш учун етарли манбадир. Лекин шамоллар мавсумий бўлиб, ҳар хил кучда эсади. Ана шу жиҳатларни инобатга олган мутахассисларимиз жойларга ўртача қуввати 60-250 кВтга тенг бўлган 70 000 дан ортиқ шамол генераторларини жойлаштириш мумкинлигини  билдиришмоқда.
Юртимизда, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг гидро ҳамда биомасса усуллари ҳам тобора кенгаймоқда. Эътиборга молик жиҳати, ушбу йўналишдаги ишлар ривожига наинки илмий тадқиқот институтлари, балки изланувчан тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшаяпти. Масалан, Сирдарё вилоятидаги иссиқлик электр станцияси ўзининг ёрдамчи ва иссиқхона хўжаликларига эга. Унинг чорвачилик мажмуида 500 бошдан ортиқ наслли моллар парваришланади. Бу ерда катта ҳажмдаги биомасса қурилмаси ишга туширилгач, табиий газга эҳтиёж қолмади. Натижада хўжаликда ҳосилдорлик 40 фоизгача ошиши баробарида, маҳаллий ўғит сарфи 15-20 карра қисқарди.
Мухтасар айтганда, инновацион ғоялар, янги технологияларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши туфайли ҳозирги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланилмоқда. Қуёшли осмонимиз, шамолли кенгликларимиз, тезоқар дарёларимиз суви-ю, биологик манбаларимиз экологик соф энергия ҳосил қилиш, пировардида юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаверсин.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn