Имтиёз ва қулай шароит кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик тараққиётига хизмат қилаяпти
  • 24 Сентябрь 2015

Имтиёз ва қулай шароит кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик тараққиётига хизмат қилаяпти

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда ишбилармонлик муҳитининг янада яхшиланишида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Навоий шаҳрида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида ташкил этилган конференция-семинарда мазкур Фармон асосида миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар қатнашган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Навоий вилояти прокуратураси мутасаддилари ва бошқалар сўзга чиқиб, дунё миқёсида ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий инқирозга қарамай, миллий иқтисодиётимизда жадал ривожланиш тенденциялари кузатилаётгани, бунда, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етакчи кучга айланаётгани халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишида ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 7 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу соҳа вакилларининг истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш мақсадида тижорат банклари томонидан 260 миллиард 400 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Бу эса, ўз навбатида, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ўсишида муҳим омил бўлди.
Энг асосийси, 2015 йилнинг 8 ойи давомида кичик бизнес субъектлари томонидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳисобига 24 мингдан зиёд киши доимий даромад манбаига эга бўлди.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун турли имтиёз ҳамда преференцияларни жорий этиш, улар фаолиятида дуч келаётган ғов ва тўсиқларга барҳам бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
— Биз фаолиятимиз давомида давлатимизнинг амалий кўмагини доимо ҳис қилиб турибмиз, — дейди Навоий шаҳридаги “Шамс-Навоий” корхонаси раҳбари Шавқиддин Шамсиев. — Бугун бизнесини йўлга қўйиб, ҳам ўзи даромад кўраётган, ҳам халқимизга наф келтираётган ишбилармонларга барча шарт-шароит яратилган.  
Ўзаро мулоқот тарзида ўтган тадбир якунида тадбиркор ва фермерларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Конференция-семинарда Навоий вилояти ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn